Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:44

Давлатмоҳнинг ҳижоби масаласи ҳамон ҳал бўлгани йўқ


Олий ўқув юртига ҳижобда келишини тақиқлагани учун Тожикистон Таълим вазирлигини судга берган талаба қизнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраб судларга мурожат этиш имконияти чеклаб қўйилди.

Гап шундаки, Тожикистон давлат тиллар институтининг араб ва инглиз тиллари факулътети талабаси Давлатмоҳ Исмоилова таълим вазирининг жорий йил 31 мартдаги “Мамлакат ўрта махсус ва олий ўқув юртларидаги таълим-тарбияни тартибга солиш тўғрисида”ги буйруғи асосида ҳижобни ечиб ташламагунга қадар дарсларга қўйилмаслиги борасида огоҳлантирилган эди. Аммо Давлатмоҳ вазирнинг буйруғига бўйсунмади ва ўз ҳуқуқлари учун курашга киришди. Шундан сўнг Таълим вазирлиги ва ҳижобли талаба қиз ўртасида суд жараёнлари бошланиб кетди.

Июль ойида Душанбе шаҳрининг Шоҳмансур тумани судига Таълим вазирининг мазкур буйруғини бекор қилишни сўраб мурожаат этган Давлатмоҳ Исмоилова судда ютқазган эди. Суд даъвогар судга мурожаат этган чоғида Тожикистон Конституциясининг 10-моддасига риоя қилмаган, деб топди ва унинг даъвосини рад этди.

Талаба қизнинг Шоҳмансур тумани суди ҳукми юзасидан берган шикоят аризаси билан танишиб чиққан Душанбе шаҳри суд коллегияси эса дастлабки суд қарорини бекор қилди. Аммо Давлатмоҳга Тожикистон Фуқаролик кодексининг 246-моддаси 4-қисмига асосан бундан буён судларга эмас, Тожикистон ҳукуматига мурожаат этиш тавсия қилинди.

Душанбе шаҳри суди судьяси Холмоҳ Мажидова Д.Исмоилова ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судларга эмас, балки Тожикистон бош вазирига таълим вазири устидан шикоят қилиши тўғри бўлишини таъкидлади.

Д.Исмоилованинг адвокати Шуҳрат Қудратов сўзларига кўра, Фуқаролик кодексининг бу моддасида фуқаролар ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун ўз истаги бўйича қонуний ҳаракат қилишга ҳақли экани айтилган, яъни мамлакат судларига ёки ҳукуматга мурожаат этиш ҳуқуқи берилган.

“Ҳимоямдаги Д.Исмоилова судга мурожаат этишни афзал билди ва бу унинг фуқаровий ҳуқуқи. Душанбе шаҳри суди ҳам, Тожикистон ҳукумати ҳам таълим вазирининг буйруғи ғайриқонуний эканини яхши билади. Аммо уни бекор қилишга ҳадлари сиғмайди. Чунки бу буйруқнинг бекор қилиниши Тожикистон ҳукумати ички сиёсати мағлубияти демакдир”,- деди адвокат.

Давлатмоҳ Исмоилова эса ўз ҳуқуқлари учун курашни давом эттиришини, агар маҳаллий судларда ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмаса, халқаро тузилмаларга мурожаат қилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG