Линклар

Советларнинг жазолаш усули ҳамон амалда


Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари миллий ва диний адоват қўзғаш айби билан 16 августда ҳибсга олинган файласуф олим Нурлан Олимбеков руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилишини маълум қилди.

Н.Олимбековнинг ҳибсга олиниши Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳукумат сиёсати учун номақбул шахслар, жумладан, журналистлар, сиёсатчилар, жамоат арбоблари ва мухолифатчиларни доимий назорат қилиши, ҳатто шахсиё ёзишмаларини ҳам ўқиб бориши ҳақидаги маълумотларга тасдиқ сифатида кўрилади. МХҚ файласуф олимни ҳам унинг шахсий электрон почтасини текширганидан сўнг қамаган. Олим икки кишига ёзган хатида “рус фашизми” сўзини ишлатгани унинг миллий ва диний адоват қўзғашда айбланиб, устидан жиноят иши очилишига сабаб бўлган. Энди Н.Олимбековни руҳий касалга чиқариб, уни шифохонага мажбурий ётқизиш ҳаракатлари бошланди.

Олимнинг адвокати Ўразимбет Олимбеков файласуфнинг хатларидаги “рус фашизми” сўзи айнан рус миллати ҳақида эмас, балки ҳозирги Россия давлатчилиги, жумладан, президент В.Путин юритаётган сиёсатга тегишли эканини айтиб, Н.Олимбековнинг руҳан соғломлиги ва бирор жиноят содир этмаганини суд олдида далиллар асосида исботлаб бера олишини таъкидлади.

Адвокатнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот ходимлари олимга нафақат руҳий, балки жисмоний тазйиқлар ҳам ўтказмоқда.

“МХҚ ходимлари ҳибсга олиш вақтида Н.Олимбековнинг қовурғасини уриб синдирган. 3 ойдирки, у ўзига етказилган жисмоний жароҳатдан азият чекмоқда. Экспертиза ҳужжатларида олим ўзи йиқилиб шикаст егани хулоса қилинган бўлса-да, бунинг ёлғонлигини исботловчи далиллар бор. Айни пайтда Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти изоляторида сақланаётган олимга руҳий ва жисмоний тазйиқлар ҳамон давом этаётир”,- деди адвокат.

“Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукинанинг айтишича, ҳар бир фуқаронинг шахсий ёзишмалари сирлилиги сақланиши қонун билан кафолатланган. Н.Олимбековга қўйилаётган айблов эса ўринсиз ва уни йўқ қилишни кўзлаганлар ишидир.
XS
SM
MD
LG