Линклар

Ўзбекистон ОИТВ тарқалиши бўйича Қозоғистонни ортда қолдирди

  • Ҳурмат Бобожон

БМТнинг ОИТСга қарши курашуви идораси – UNAIDSнинг янги ҳисоботида Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида ОИТВ энг шиддат билан тарқалаётан давлат сифатида тилга олинади.

UNAIDSнинг янги маълумотларига кўра, умуман жаҳонда иммун танқислиги вируси (ОИТВ) тарқалиши камайган, аммо Евроосиё минтақасида ортган. Жорий йилда Евроосиёда ОИТВ юқтирган 150 минг бемор қайд этилган ва бундайлар сони минтақада бир миллион 600 минг кишига етган. Бу 2001 йилдагига қараганда 150 фоиз кўп. Беш йил аввал Евроосиё ҳудудида ОИТВга чалинганлар сони 630 минг одамни ташкил этган.

UNAIDSнинг Евроосиё минтақаси бўйича мувофиқлаштирувчиси Бертил Линдблатнинг айтишича, ОИТВ юқтирган янги беморларнинг 90 фоизи Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келмоқда. Шунингдек, постсовет ҳудуддаги бошқа давлатлар – Озарбойжон, Грузия, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳам ОИТВга янги чалинган беморлар кўпроқ қайд этилган.

UNAIDSнинг янги ҳисоботида Ўзбекистон ОИТВ шиддат билан тарқалаётган давлат сифатида тилга олинади.

“Ўзбекистонда ОИТВга чалинганларнинг кўпчилиги бу вирусни яқинда юқтирган беморлардир. Масалан, 1999 йилда бу давлатда ОИТВга чалинган 28 бемор қайд этилган бўлса, 2003 йилга бориб бу рақам 1836 тага кўпайган. 2006 йилга келиб эса Ўзбекистонда ОИТВ юқтирган 2205 бемор қайд этилган”,- дейди Б.Линдблат.

Унинг сўзларига кўра, 27 миллион нуфусга эга Ўзбекистонда ОИТВга чалинган 9 минг бемор қайд этилган. Ўзбекистон бу борада Марказий Осиёда яқин-яқингача етакчилик қилиб келган Қозоғистонни ҳам ортда қолдирган. Қозоғистонда 2006 йилда 1745 одам ОИТВ юқтирган ва мамлакатда бундай беморлар сони 8800 кишига етган.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ОИТВ/ОИТС, асосан, томир орқали гиёҳвандлик билан шуғулланадиган наркоманлар орасида кенг тарқалган. Яъни улар мазкур инфекцияга чалинганларнинг 70-80 фоизини ташкил этади. Бугунги кунда, асосан, Тошкент ва Тошкент вилоятида ОИТС/ОИТВ юқтирганлар энг кўп қайд этилган. Айрим ҳолларда эса ОИТС ҳақида маълумотга эга бўлмаслик, ундан ҳимояланиш усулларини билмаслик туфайли кўплар тасодифан унга дучор бўлмоқда.

Марказий Осиёда ОИТС тарқалиши олдини олишнинг энг самарали йўли аҳолининг касаллик тўғрисидаги билимини ошириш экани айтилади.

UNAIDS вакили Бертил Линдблат Ўзбекистонда бу борадаги вазият бироз яхшиланганини айтади.

“Мен яқиндагина Ўзбекистонда бўлиб қайтдим. Менимча, Ўзбекистонга аҳоли огоҳлигини ошириш борасида вазият ўзгараётгандек. Ўз навбатида, ташкилотимиз ҳам бу давлатда фаолиятини жонлантирмоқда. Яқиндагина биз Марказий Осиёда ОИТС назорати бўйича дастурни амалга оширишни бошладик”,- дейди Бертил Линдблат.
XS
SM
MD
LG