Линклар

Экологияга оид хабарлар


Нобель тинчлик мукофоти лауреати, атроф-муҳит ҳимоячиси кениялик Маатай Вангари яна бир халқаро мукофотга сазовор бўлди.

Индира Ганди номидаги 2006 йилги тинчлик, қуролсизланиш ва тараққиёт халқаро мукофоти Маатай Вангари ва у етакчилик қилаётган “Яшил белбоғ” ҳаракатига насиб этди. Жорий йил бошида ҳам “Яшил белбоғ” ҳаракати Жавоҳарлаъл Неру номидаги 2005 йилги халқаро мукофотни қўлга киритган эди.

М.Вангари етакчилигидаги ҳаракат аъзолари Африкада чўллашишга қарши кураш доирасида 30 миллиондан ортиқ дарахт кўчати ўтқазиб, тараққиёт ва демократияни тарғиб қилгани учун 2004 йилда Нобел тинчлик мукофотига сазовор бўлган эди.

*** *** ***

Сан-Франциско шаҳридаги супермаркетларда 20 ноябрдан бошлаб харидорларга полиэтилен пакетлар бериш тақиқланди.

Полиэтилен пакет ерда чириши учун 400 йилдан ортиқ вақт керак бўлади. Шу боис, Сан-Франциско маъмурияти атроф-муҳитга етказилаётган зарарни камайтириш мақсадида АҚШда биринчи бўлиб текинга пакет беришни тақиқлади. Бу талабни бажармаган дўконлар биринчи марта 100 доллар, иккинчи марта 200 доллар жарима тўлайди. Бир йил ичида учинчи марта тартибни бузган дўконлар 500 долларлик жаримага тортилади. Сан-Франциско маъмурияти дўконларда камида 40 фоизи қайта ишланган юқори сифатли қоғоздан тайёрланган пакетлардан фойдаланишга рухсат берган. АҚШдаги айрим дўконлар 100 фоиз қайта ишланган қоғоздан тайёрланган пакетлардан фойдаланяпти.

*** *** ***

Шарқий Осиё давлатлари раҳбарларининг Сингапурдаги саммитида атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини чеклаш ҳақидаги келишув имзоланди.

Минтақада атроф-муҳитга энг кўп зарар етказаётган Хитой ва Ҳиндистон ҳам ушбу шартномага 21 ноябрь куни имзо чекди. Шарқий Осиё давлатлари гуруҳига Жануби-шарқий Осиё гуруҳига аъзо бўлган 10 мамлакатдан ташқари Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Янги Зеландия ҳам киради. Бу давлатлар глобал иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган зарарли газлар миқдорини камайтириш тадбирларида пешқадамлар сафида бўлиш ниятида.







*** *** ***

Глобал иқлим ўзгариши Марказий Осиё минтақасини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Иқлим ўзгариши оқибатида ғаройиб ҳодисалар кузатилмоқда. Хусусан, куз фаслининг сўнгги ўн кунлиги бошланганига қарамай, Тожикистон шимолида жойлашган Cўғд вилоятининг бир қанча туманларида шу кунларда олча ва олма дарахтлари гуллади. Мутахассислар бу ҳодисани глобал иқлим исиши оқибати сифатида баҳоламоқда.

*** *** ***

Орол денгизини қутқариш халқаро жамғармасининг навбатдаги йиғилиши 20 ноябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтди. Унда денгиз ҳавзаси муаммоларини ҳал қилиш билан боғлиқ лойиҳалар ва дастурларнинг бажарилиши ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Тожикистон Гидротехника ва мелиорация илмий тадқиқот институти директори Яраш Пўлатов Орол денгизини қутқариш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун беш йил давомида минтақа бўйича бир ярим миллиард доллар маблағ сарфланганини билдирди.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги сув захиралари қўмитаси раиси Анатолий Рябцов эса Оролни қутқариш ишларига шунча маблағ сарфлангани билан денгиз ҳавзасида айтарли ижобий ўзгаришлар бўлмаганини маълум қилди.

Унинг фикрича, айнан шу сабабли Оролни қутқариш жамғармаси БМТ идораси мақомига эга бўлиши лозим. Шунда сув энергетикаси масаласида мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликлар камайган бўларди.
XS
SM
MD
LG