Линклар

logo-print

Ўйин марказига Э.Халилов чиқарилдими?

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Эркин Халиловнинг ўғлини калтаклаганликда айбдор топилиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган йигитларнинг оталари 21 ноябрь куни Ички ишлар вазирлигига суҳбатга чақиртирилди.

Чақиртирилганлардан бири билан суҳбатдан маълум бўлишича, вазир ўринбосари Эркин Халиловга 4 ноябрь куни қилинган ҳужумга уларнинг алоқаси бор-йўқлигига қизиққан.

“Бизни вазирликка чақиришди. Суҳбатлашишди. Э.Халиловни уриб кетишибди, бундан сизларнинг хабарларингиз борми-йўқми, деб сўрашди. Ўша куни (Э.Халиловга ҳужум уюштирилган куни) мен Қаршига, ўғлимни кўришга кетган эдим”,- деди ИИВга чақиртирилганлардан бири.

Бу суҳбатдошнинг фарзанди Э.Халиловнинг ўғлини калтаклаганликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган беш йигитнинг бири.

21 ноябрь куни вазирликка чақиртирилганлар тушдан кейин Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасига олиб борилди.

“Тошкент шаҳар милициясида оғир жиноятларни тергов қиладиган махсус гуруҳлар бўлар экан. Эркин Халилов иши бўйича ҳам махсус гуруҳ тузилибди. Ўша ерга бордик. Улар ҳам сўраб-суриштиришди, кейин қўйиб юборишди”,- деди суҳбатдош.

Тошкент шаҳри ИИББ матбуот хизматининг ўзини таништирмаган ходимларидан бири Э.Халиловга ҳужум уюштирилгани юзасидан одамлар сўроқ қилинаётгани, лекин бу ҳақда маълумот бера олмаслигини билдирди.

“Шундай қилиб, парадоксал вазият юзага келди. Яъни Олий Мажлис палатаси спикеридай юқори мартабали давлат амалдорига ҳужум қилингани тўғрисида биронта ҳам расмий хабар йўқ, боз устига, “Ассошиэйтед пресс” мухбирига Эркин Халиловнинг шахсан ўзи ҳеч қандай ҳужум бўлмаганини айтган”,- дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов, лекин айни пайтда ИИББда тузилган махсус гуруҳ Эркин Халиловга қилинган ҳужумга алоқадор шахсларни изламоқда.

Мана шундай шароитда турли миш-мишлар тарқалади. Тошкентлик бир манба 21 ноябрь куни “Озодлик”ка берган суҳбатида Э.Халиловга президент хавфсизлик хизмати ходимлари ҳужум қилганини билдирди. У бу гапни Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими, истеъфодаги полковникдан эшитган эмиш.

Лекин айрим кузатувчилар Эркин Халиловга ҳеч қандай ҳужум бўлмаган, деган фикрда.

“Менимча, спикерга қарши ҳеч қандай суиқасд бўлмаган, чунки у мамлакатнинг биринчи даражали амалдорлари сирасига киради ва албатта, тансоқчилари билан бирга юради. Дуч келган кишининг куппа-кундуз куни унга ҳужум қилиши ҳақиқатдан анча узоқ”,- деди “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Васила Иноятова.

Унинг фикрича, Э.Халиловга гўёки қилинган ҳужум билан боғлиқ можаро бу амалдорнинг ўғлини калтаклашда айбланиб қамаб юборилган йигитларнинг ота-оналарини қўрқитиб қўйиш мақсадида ўйлаб топилган найрангдир.

“Чунки ота-оналар ҳеч қачон тинчигани йўқ. Айниқса, фарзандлари Жаслиқдан Тошкентга олиб келинганида улар талабларимиз инобатга олиняпти, деб умид қилган эди. Лекин ўғилларининг Қаршидаги қамоқхонага жўнатилиши ота-оналар умидларини сўндирди. Шундан сўнг улар ўз талабларини яна ҳам кўндаланг қўя бошлади. Мақсад ана ўша ота-оналарнинг овозини ўчириб қўйишдир”,- деди Васила Иноятова

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди 2007 йил 7 май куни беш йигитни Қонунчилик палатаси спикери Э.Халиловнинг ўғли Шерзодни калтаклаганликда айбдор топган ва 18 ёшли Темурни 16,5 йилга, 19 ёшли Давронни 16 йилга, 19 ёшли Азаматни 15,5 йилга, 19 ёшли Шоҳрухни 16 йилга, 15 ёшли Шерзодни 9 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Кейинроқ судланганлар жазо муддати бироз қисқартирилди. Жазо муддатининг бир неча ойини Жаслиқ лагерида ўтаган ўсмирлар ҳозир Қаршидаги қамоқхонада сақланмоқда.
XS
SM
MD
LG