Линклар

Роҳат Алиевга қарши кўрсатмалар тингланди


Олмаотада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиев ва у етакчиси бўлгани айтилаётган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари устидан бошланган суд ўз ишини давом эттирмоқда.

Навбатдаги суд мажлисида собиқ куёв раҳбарлик қилган “Нурбанк” ходимлари Р.Алиевга қарши кўрсатма берди.

Судда “Нурбанк”нинг янги бошлиқларидан бири Гулмира Жумагелдаева ўзининг терговда берган кўрсатмаларидан бош тортди. У терговда жорий йилнинг 31 январь куни, яъни Р.Алиев раҳбарлик қилган “Нурбанк”ка ҳужум уюштирилган кечада Р.Алиевнинг хонасидан эркак кишининг ёрдам сўраб бақирган овозини эшитганини айтганди.

Гарчи Г.Жумагелдаева бу кўрсатмасидан тонган бўлса-да, банкнинг судга чақирилган бошқа аъзолари ўша тунда ҳақиқатан эркак кишининг ёрдам сўраб бақиргани, идишлар синдирилиши товушини эшитгани, Р.Алиевнинг хонасидаги телевизор овози баландлатилиб, банк биносида бўлган ходимлар одатдагидан эртароқ уйларига қўйиб юборилганини билдирди.

Банкда котиба бўлиб ишлаган Айнур Идрисова эса ўша куни унга банкнинг собиқ раҳбарларидан бири, ҳозир бедарак йўқолган Жолдас Темиралиевнинг хонасига чой олиб киришга рухсат берилмагани, эшик олдида эса Ж.Темиралиевнинг курткаси илиғлиқ турганини кўриб, уни мобиль телефонида суратга тушириб олганини билдирди.

“Кейинроқ молия полицияси ходимлари мендан бу суратни ўчириб ташлашимни, акс ҳолда ўзимга ёмон бўлишини айтиб, пўписа қилди. Мен уларни ўчириб ташладим, деб алдадим”,- деди котиба ва ўша суратни суд иштирокчиларига намойиш этди.

Шунингдек, А.Идрисова ўша куни Р.Алиев банкдаги барча назорат камераларини қоғоз билан ёпиштириб, олдига келган шерикларининг исмини назорат дафтаридан ўчириб ташлашга буйруқ берганини маълум қилди.

Президентнинг собиқ куёвига қарши суд иши энг қизиган паллада журналистларнинг суд залида бўлиши маън этилди. Бунга сабаб суд залидаги кўпгина иштирокчиларнинг ўз ҳаётларидан хавфсираши экани айтилди.

Суд иштирокчиларидан бири “Озодлик” мухбири билан суҳбатда судга келаётган гувоҳлар ҳақиқатан ҳам ўз ҳаётидан, берган кўрсатмалари кейинчалик аянчли оқибатларга олиб келишидан чўчиётганини тасдиқлади. Шунга қарамай, у суд ишининг боришидан қониқаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG