Линклар

Тожикистонда салафий ёшлар сони ортмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда салафия оқими фаолияти кучайиб, унга кираётган ёшлар сони ортиб бораётгани асосий қисми ҳанафийлар бўлган тожикистонлик мусулмонлар ҳамда ҳукумат мулозимларини ташвишга солиб қўймоқда.

Гарчи Тожикистон ҳукумати мамлакатда салафия оқими фаолиятини ғайриқонуний, деб эълон қилган эса-да, янги оқим аъзолари мамлакат масжидларида намоз ўқиши тақиқланмаган.

Салафия оқими тожик жамиятида сўнгги бир неча йил давомида пайдо ва унга эргашувчиларнинг аксарияти ёшлардан иборат.

Салафия оқимига кирганларнинг кийиниш услуби ва намоз ўқиш қоидалари ҳанафийларникидан фарқ қилади. Масалан, салафий ёшлар кенг либослар кияди, шимлари ҳам калта ва кенг бўлади, узун соқол қўяди, аммо бош яланг юради.

Рустам исмли диндор йигитнинг айтишича, у масжидда салафий оқимига мансуб тенгдошлари билан ёнма-ён ўтириб намоз қилади.

“Салафия оқими аъзолари биз ҳанафий мусулмонлардан намоз ўқиши билан катта фарқ қилади. Масалан, биз ниятдан сўнг бош бармоқни қулоққа тегизамиз, аммо улар бундай қилмайди. Бундан ташқари, оминни улар баланд овозда айтади. Улар фақат пайғамбаримиз ҳадисларига амал қилишини таъкидлайди”,- дейди Рустам.

Таҳлилчилар таъкидича, ўзларини суннат аҳлини “қайта тирилтирган”, деб даъво қилаётган бу оқимга аъзо тожикистонлик ёшлар сони кескин ўсиб бораётир. Бу оқим ташвиқотчилари эса, асосан, Саудия Арабистони, Покистон каби мамлакатларда таълим олиб қайтган ёшлардир.

“Бу давлатларда таҳсил олган ёшларимиз у ерларда мавжуд оқимлар ва мазҳабларни кўп ҳам бир-биридан фарқламайди ва гўёки янги нарса олиб келдик, деб ўйлайди”,- дейди таҳлилчи Зубайдуллоҳ Розиқ.

Кузатувчилар салафийлар сони кўпайиб бораётгани ҳанафий бўлган мусулмонлар билан зиддиятлар келиб чиқишига сабаб бўлишини тахмин қилаётир. Хусусан, салафийларнинг ҳанафийларнинг намоз ўқиш қоидалари ғайрисунний экани ҳақидаги даъволари ўзаро душманлик ортишига замин бўлади.

“Мен бир томондан жамиятимизда салафия оқими пайдо бўлганидан хурсандман. Чунки ислом жамиятида баъзи хурофотлар кенг ёйилмоқда. Бу оқим айнан ана шундай хурофотларга қарши курашади. Аммо бошқа томондан бу оқимнинг янада кенгроқ ёйилишига қаршиман. Чунки тожик жамияти ҳар турли мазҳабларни қабул қилишга тайёр эмас ва бу мусулмонлар ўртасида турли зиддиятлар келтириб чиқариши аниқ”,- дейди илм кўрган диндорлардан бири Акбар Машрабов.

Тожикистон салафийлари раҳбари домулло Муҳаммадий янги пайдо бўлган оқимга аъзо ёшлар ҳақиқий ислом тарғибчилари эканини таъкидлайди.

У диний уламоларнинг бу оқим аъзоларини турли ном билан аташидан норозилик билдириб: “Улар Имоми Аъзам мазҳабини тарғиб қилувчи бу оқим аъзоларини тинимсиз танқид қилади. Уларни душман ва агент ҳам билади. Нега уларнинг жамиятимизда мавжуд насронийлар ва бошқа ўнлаб дину мазҳаб ҳамда оқимлар билан иши йўқ, фақат бизнинг янги оқим фаолиятию аъзоларини бўғишга интилади”,- деди.
XS
SM
MD
LG