Линклар

logo-print

Ҳукуматга қарши намойиш тарқатиб юборилди


Москвада ҳукуматга қарши уюштирилган намойиш милиция ходимлари томонидан тарқатиб юборилди.

Намойишда чиқиш қилган “Ўзгача Россия” коалицияси раҳбари, шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаров: “Агар ҳозирги режим ҳокимиятда кўпроқ вақт қолса, бу Россия давлатчилигига таҳдид солади. Шу нуқтаи назардан, бизнингча, бу режимни, коррупция ботқоғига ботган, жиноий ва ёлғончи режимни бузиш керак. Муаммоларни ҳатто мамлакат халқи билан рисоладагидек муҳокама қила олмайдиган бу режимни бузиш керак”, – дея баёнот берди.

Тадбир давомида бир неча намойишчи, жумладан, Гарри Каспаров ушланди. Намойишчилар Марказий сайлов комиссияси жойлашган бино томонга юриш бошлаганидан кейин милиция уларни тарқатиб юборди.

Москва шаҳри ҳокимлиги намойишни ўтказишга рухсат берган, аммо МСК биноси олдида юриш ўтказишни тақиқлаган эди.

Россиянинг Ингушетия республикаси пойтахти Назранда ҳам милиция ҳукуматга қарши уюштирилган намойишни куч билан тарқатиб юборди. Намойишда одам ўғирланиши, милиция ходимларининг зўравонлиги ва иқтисодий-ижтимоий танг ҳолатдан норози бўлган бир неча юз фуқаро қатнашган.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, одамлар милиция ходимларига тош отгандан кейин ҳавога огоҳлантирувчи ўт очилган. Юзга яқин намойишчи ушланган.
XS
SM
MD
LG