Линклар

logo-print

Жон Ҳовард бош вазир лавозимини тарк этадиган бўлди

  • Сарвар Усмон

Австралия ҳукуматини 11 йил давомида бошқариб келган бош вазир Жон Ҳовард етакчилигидаги Консерваторлар партияси мамлакатда ўтказилган парламент сайловида мағлубиятга учради.

Дастлабки маълумотларга кўра, Кевин Радд раҳбарлигидаги лейбористик Меҳнат партияси учун берилган овозлар консерваторларникидан кўпдир.

Агар сайловнинг расмий натижаларида ҳам кучлар нисбати сақланиб қолса, Австралия ҳукуматини Кевин Радднинг сўл марказчи партияси бошқаради.

Сайловдан иштирок этганларнинг 60 фоизи овози санаб бўлингандан кейин Меҳнат партияси 54 фоиз, консерваторлар эса 46 фоиз сайловчининг қўллаб-қувватлашига эришгани маълум бўлди.

Лекин дастлабки натижалар ҳам консерваторлар етакчиси Жон Ҳовард учун мағлубиятни тан олишга етарли бўлди. Сиднейдаги сайлов штабида у партия мағлубияти учун масъулиятни тўлалигича ўз зиммасига олди ва ҳарифига муваффақият тилади.

Агар дастлабки натижалардаги нисбат охиригача сақланиб қолгудай бўлса, ўнг марказчилар Австралия парламентидаги 150 ўриндан 76 тасини эгаллайди ва янги ҳукумат тузади.

Ёши 68га кирган Жон Ҳовард илк бор 1974 йилда парламент аъзолигига сайланган, 1996 йили эса бош вазир лавозимига келган эди. У ўзининг сайловолди кампаниясида иқтисодий масалаларга зўр берди.

У ўз сайловчиларига солиқлар миқдорини 29 миллиард долларга камайтиришни ваъда қилди. Бироқ сиёсий соҳада сайловчи кўнглини оладиган ўзгаришлар таклиф қилмади.

Меҳнат партияси эса агар ҳукумат тепасига келар бўлса, Австралия ҳарбийларини Ироқдан олиб чиқишга, глобал иқлим исишининг олдини олишга оид Киото протоколини имзолашга, меҳнат тўғрисидаги қонунларни қайта кўриб чиқишга ваъда берди.

Лейбористларнинг 50 ёшли етакчиси Кевин Радд сайловчиларга бош вазир Жон Ҳовард 68га кирди, жуда чарчади, энди дамини олсин, деди.

Сайловчилар ҳам шундай фикрда, шекилли.
XS
SM
MD
LG