Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:47

Ўзбек тенорининг Қозоғистондаги муваффақиятлари


Ўзбекистоннинг олис Қашқадарё вилоятида туғилган опера тенори Нормўмин Султонов Олмаотадаги Абай номидаги опера ва балет театрининг етакчи спектаклларида асосий ролларни ижро этмоқда.

МДҲ мамлакатлари маданий ҳаётида содир бўлаётган жараёнларда ўзбекистонлик санъаткорларнинг ҳам улуши бор. Қозоғистонда эса уларнинг меҳнати юқори баҳоланади ва шунга яраша қадрланади. Қозоғистонлик хонандалар ўзбек клипмейкерлари хизматидан тез-тез фойдаланади, оддий халқ эса ўзбек қўшиқлари ва фильмларини севиб томоша қилади.

Ўзбекистонлик опера қўшиқчиси Нормўмин Султоновнинг Абай номидаги опера ва балет театридаги чиқишлари эса қозоғистонлик мухлисларни ўзбек опера санъатига яқин ошно бўлишга ундаётир. Ўзбек тенори “Абай” спектаклида бош ролни ижро этганидан кейин ҳам томошабинларнинг олқишлари бир неча дақиқа давом этди.

“Олмаотада биринчи йил ижод қилишим эмас,- дейди Н.Султонов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда. - Чамаси икки-уч йилдан бери Абай театри мени ўзининг етакчи спектаклларида иштирок этишга таклиф этади. Мен бу ерда айнан қозоқ тилида куйлайман. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг кўпгина шаҳарларида яккахон концертлар ҳам ўтказаман”.

Унинг айтишича, Қозоғистондаги иқтисодий юксалиш маҳаллий ташкилотчиларнинг кўплаб хорижий санъаткорларни мамлакатга таклиф этишига имконият яратяпти.

“Менимча, Қозоғистоннинг иқтисодий салоҳияти маданият ва санъатга жиддий эътибор қаратишда катта роль ўйнамоқда. Қозоғистондаги кўплаб театрлар ҳар бир спектаклда халқаро таркиб бўлиши тарафдори. Эътибор берган бўлсангиз, деярли ҳар бир спектаклда ўзбекистонлик, қирғизистонлик ва россиялик қўшиқчилардан ташқари европалик хонандалар ҳам иштирок этади”,- дейди Н.Султонов.

Унинг таъкидлашича, гарчи санъати Қозоғистонда ва Европанинг бир қанча Европа давлатларида эъзозланса-да, яшаш ва доимий ижод қилиш учун барибир Ўзбекистонни танлаган. У хориждаги чиқишлари орқали ўзга юртларда Ўзбекистон маданияти ва санъатини қарғиб қилади. Хориждаги театрлар билан ҳамкорлик қилиш унга илҳом бағишлайди.

“Ўзбекистонда кўплаб малакали кадрлар бўлса-да, мамлакатдаги иқтисодий вазият, у ердаги ташкилотчиликнинг оқсаётгани аксар иқтидорларни хорижга кетишга мажбур қилаётир. Биз Ўзбекистонда ҳозирча мавжуд профессионал кадрларни ушлаб қолмасак, мамлакат маданий ҳаёти учун аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин”,- деди Н.Султонов.

Унинг таъкидлашича, ҳозир Тошкентдаги опера ва балет театрини ҳам фақат интузиастлар ушлаб турибди. Аммо уларнинг сабри ҳам охир-оқибат тугаши мумкин.

“Менимча, инсон ўз илдизларини унутмаслиги керак. Мен нимагаки эришган бўлсам, бунга Тошкентдаги театр сабабчи бўлди. Нимаики хоҳлаган бўлсам, мен бунга, аввало, Тошкентда эришдим”,- дейди санъаткор.
XS
SM
MD
LG