Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:47

ҲРУ БМТ қўмитаси ҳисоботини олқишлади


“Ҳьюман райтс уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси тавсияларига зудликда амал қилиш ва қийноқларга чек қўйишга чақирди.

Жума куни БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистонда қийноқ ҳолатлари кенг тарқалганига оид хабарлар юзасидан жиддий хавотир билдириб, буни бартараф этиш учун бир қанча тавсияларни илгари сурди. Бу тавсиялар сирасига қийноқ ҳолатларига тоқатсиз бўлиш, қийноқ қўлловчиларни адолатли судга тортиш кабилар киради ва уларни амалга ошириш учун Ўзбекистон ихтиёрида бир йил муҳлат бор. ҲРУ қўмитанинг бу ёндашувини олқишлади.

“Қийноқлар масаласи халқаро майдонда орқа планга қўйиб келинди. Биз Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорларини Тошкент ҳукумати билан мулоқотда ушбу тавсиялар бажарилишига устиворлик беришга чақирамиз. Чунки халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватловисиз, Ўзбекистон ҳукуматига таъсир ўтказа оладиган давлатларнинг босим воситаларисиз бу тавсияларга амал қилинишига эришиш қийин”, - дейди ҲРУ вакиласи Вероника Санта Голдстон.

Қўмита ҳисоботи халқаро миқёсда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият юзасидан хавотирлар кучайиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда. Тўққиз саҳифали ҳисоботда Ўзбекистондаги қийноқ ҳолатлари билан боғлиқ йигирмадан ортиқ нуқтада жиддий хавотирлар изҳор этилган. Ҳисоботда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қийноқ усуллари мунтазам қўлланиши, масъуллар томонидан қийноқ ҳолатларига оид даъволарнинг эътиборсиз қолдирилиши ва мазкур ҳолатни ўрганишга уринган мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотларига тўсқинлик қилиниши борасида алоҳида сўз боради.

“Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимларида қийноқлар эндемик муаммо бўлиб келмоқда,- дейди ҲРУ вакиласи Вероника Санта Голдстон. - Ўзбекистон ҳукумати бу муаммони йўқ қилиш учун лозим чора кўрмаяпти”.

Бундан беш йил муқаддам ҳам БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланади, деган хулоса қилган ва мамлакат ҳукуматига бу муаммони бартараф этиш юзасидан ўз тавсияларини берган эди.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Аъзам Турғунов “ўшандан бери ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар кўпайса кўпайган, лекин камаймаган”ини билдирди.

Бугунги кунда Тошкент ҳукумати халқаро кузатувчиларга ўзбек қамоқхоналарини инспекция қилишга рухсат бермай келаётир. Халқаро қизил хоч қўмитаси Ўзбекистон қамоқхоналарини инспекция қилишни 2004 йилда тўхтатганидан буён яна шундай фаолиятга рухсат ола олмай келяпти. Ташкилот бу борада Ўзбекистон расмийлари билан музокаралар ҳамон давом этаётганини билдирмоқда.

Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга қарши жазо санкциялари эълон қилган Европа Иттифоқи мамлакат ҳукуматига бир қанча талаблар қўйган эди. Талаблардан бири Халқаро қизил хоч қўмитасининг ўзбек қамоқхоналарини инспекция қилишига ва ҲРУнинг мамлакатда фаолият юритишига рухсат бериш эди. Бугунги кунда ҲРУ ҳукумат ташкилот ходимларининг Тошкентда ишлашига рухсат беришидан умидвор.
XS
SM
MD
LG