Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:55

“Озодлик” радиоси эшиттириши “алоҳида таҳсинга сазовор”


Лондондаги “Clothworkers’ Hall” тантаналар залида Медиа матбуот халқаро уюшмаси - AIBнинг 2007 йил учун мукофотлари топширилди. Унда “Озодлик” радиоси лойиҳаси ҳам қатнашди.

Йилнинг энг наъмунавий медиа лойиҳалари тақдирланган мазкур маросимда “Озодлик”нинг “Андижон воқеаларидан кейин: Ўзбекистон ва қўшнилари” лойиҳаси танлаб олинган мавзудаги йилнинг энг яхши радио дастури номинациясида иштирок этди.

Мазкур номинацияда “Би-Би-Си” жаҳон хизматининг “Гана: Африка манзаралари” дастури биринчи мукофотни қўлга киритди.

“Озодлик” радиосининг Марказий Осиё хизматлари ҳамкорлигида яратилган “Андижон воқеаларидан кейин: Ўзбекистон ва қўшнилари” дастури AIB ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб, алоҳида таҳсинга сазовор, деб топилди.

“Андижон воқеаларидан кейин: Ўзбекистон ва қўшнилари” махсус эшиттириши 2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида рўй берган воқеалар нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақадаги вазиятга жиддий таъсир этгани ҳақида ҳикоя қилади. Андижон хунрезлиги боис халқаро ҳамжамият томонидан яккалаб қўйилган Ўзбекистон сўнгги 10 йил давомида назар-писанд қилмай келган қўшниларига юзланишга мажбур бўлди. “Озодлик”нинг ушбу мавзуга бағишланган махсус дастурида Ўзбекистон махсус хизматларининг қўшни давлатлардаги ҳамкасблари билан ҳамкорлигининг аянчли натижалари, Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган сиёсий қочқинларнинг кейинги тақдири ва расмий Тошкентнинг янгича ташқи сиёсати, хусусан, минтақа давлатларига нисбатан янгича муносабатлари ҳақида гап боради.

AIBнинг 2007 йилги наъмунавий лойиҳалар мукофотининг танлаб олинган мавзудаги йилнинг энг яхши радио дастури номинациясида “Озодлик”ка Австралия миллий радиоси, “Би-Би-Си”, БМТ ва “Сауа” радиолари рақиблик қилди.
XS
SM
MD
LG