Линклар

logo-print

Қозоқлар Ўзбекистон билан чегарада назоратни кучайтирди


Қозоғистон ўзбек-қозоқ чегарасининг Жанубий Қозоғистон қисмида назоратни кучайтирди. Бунга сабаб сўнгги вақтларда икки давлат чегарасида контрабанда кўлами ва нолегал муҳожирлар сони ошгани экани айтилаётир.

Қозоғистон Чегара хизмати ҳозир асосий куч айни шу участкага ташлангани ҳақида баёнот тарқатди. Чегаранинг айнан шу қисмига эътибор қаратилгани бежиз эмас. Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида икки давлат чегараси қумли чўллардан, Жамбил вилоятида эса тоғли ҳудудлардан ўтади. Аммо Жанубий Қозоғистон вилояти ҳудудида чегара чизиғи аҳоли пунктларига тўғри келади. Шунинг учун бу ердаги чегарадан ўтиш пунктлари доимо одамлар билан гавжум, контрабанда маҳсулотлари ҳам шу ҳудуддан кўп ўтади.

Жанубий Қозоғистондаги “Онгтустиқ” чегара ҳудуди раҳбарларидан бири подполковник Эрик Росляков контрабанда кўлами кескин ошгани шундай чоралар кўришга мажбур қилаётганини билдирди.

Маълум бўлишича, пахта йиғим-терими мавсумида қўшни давлатга ўтиб, пул ишлаш илинжидаги ўзбекистонликлар сони кескин ортади.

“Чунки Қозоғистонда терилган ҳар килограмм пахта учун Ўзбекистондагига қараганда анча кўп ҳақ тўланади. Лекин ўзбекистонликлар чегарадан расман ўтишни хоҳламайди”,- дейди Эрик Росляков.

Куни-кеча ўзбек-қозоқ чегарасидан ўтган ўзбекистонликлардан бири “Озодлик” мухбири билан суҳбатда чегарада назорат кучайтирилганига юқоридаги сабаблардан ташқари бошқа омиллар ҳам борлигини таъкидлади.

“Чегарадан наркотик моддалар ўтказиш ҳам кўпайган. Бошқа томондан, ун ва бошқа маҳсулотлар қимматлашуви ва Ўзбекистонда кутилаётган сайлов ҳам чегарада назорат кучайтирилишига сабаб, деб ўйлайман”,- деди суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG