Линклар

Қозоғистонда ахборот радиолари йўқолиб бораётир


Қозоғистонлик кузатувчилар мамлакатдаги радиостанцияларнинг тингловчига долзарб ахборот етказишдан кўра, аҳоли эътиборини сифатсиз мусиқа билан чалғитаётганидан хавотир билдирмоқда.

“Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина Қозоғистонда ахборот радиолари йўқолиб кетгани, уларнинг эфирлари бир-бирига эгизакдек ўхшаш мусиқий дастурлардан иборат бўлиб қолаётгани афсусланарли эканини таъкидлади.

“Ҳозир Қозоғистондаги барча радиостанцияларнинг янгилик дастурларида давлат тасарруфидаги бармоқ билан санарли Интернет сайтлардан олинган маълумотлар, тингловчига умуман қизиқ бўлмаган расмий хабарлар ўқиб эшиттирилмоқда. Радиолар сони кўпайиб кетгани сабабли ахборотни назорат қилиш деярли мумкин бўлмай қолди. Радиоларнинг ҳозирги ҳолати бирор киши эфирда ортиқча маълумотни айтмаслиги учун давлат органларининг ахборот оламини назорат қилишга уриниши билан боғлиқ”,- деди Р.Таукина.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда қозоғистонликларнинг тезкор ва объектив ахборот олиши учун хизмат қилаётган “Озодлик” ва “Инкар.инфо” радиолари тўлқини бўғилаётир. Бу ҳам мамлакатда содир бўлаётган долзарб муаммолардан аҳоли эътиборини чалғитиш мақсадида амалга оширилаётир. Шунга қарамай, аҳоли бу радиоларни турли йўллар билан тинглашга имконият топяпти.

Олмаотада яшаётган ўзбекистонлик мустақил журналист Солиҳ Яҳёев эса МДҲнинг сўз эркинлиги йўқотилган мамлакатлари сафига Қозоғистон ҳам қўшилаётганидан афсус билдирди.

“Ахборот радиолари йўқотилгани аҳоли радиони фақат мусиқа эшитиш воситаси сифатида қабул қилишига олиб келди. Ҳамма радиодан бир хил янгилик ва расмий хабарлар эшитавериш тингловчининг жонига тегади, шунинг учун у радиода қўшиқ эшитишни маъқул кўради. Бу эса аҳоли эътиборини долзарб муаммолардан чалғитади”,- деди С.Яҳёев.
XS
SM
MD
LG