Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:27

Аннаполис анжуманидан умид катта


27 ноябрь куни АҚШнинг Аннаполис шаҳрида Яқин Шарқ тинчлик анжумани очилди. Бу сўнгги етти йил давомида Яқин Шарқда барқарорликка эришиш борасида ўтказилаётган биринчи тинчлик анжуманидир.

Тадбир бошланиши арафасида АҚШ президенти Жорж Буш Аннаполис анжумани анча вақтдан бери тўхтаб қолган Яқин Шарқ тинчлик музокаралари қайта тикланишига туртки бўлишига умид билдирди.

“Биз икки демократик давлат - Исроил ва Фаластин ёнма-ён тинчлик ва хавфсизликда яшашига оид умумий мақсадга шерикмиз. Бу мақсадга эришиш муросали мураккаб қарорлар қабул қилинишини талаб этади. Исроил ва фаластинликлар бу ишни амалга оширадиган раҳбарларни сайлаган”, – деганди душанба куни АҚШ президенти.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос ва Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт душанба куни АҚШ президенти Жорж Буш билан алоҳида-алоҳида учрашганди.

“Биз мазкур анжуман музокаралар қайта бошланишига ва у кенг кўламли масалаларни доимийлик асосида муҳокама қилиб, Исроил ва Фаластин халқи ўртасида хавфсизлик ва барқарорлик тўғрисида шартнома имзоланишига асос бўлишидан умидвормиз”, – деди Жорж Буш билан учрашувдан сўнг Фаластин раҳбари.

Умидворлик руҳи кўз-кўз қилинаётганига қарамай, кўпчилик Аннаполис анжуманидан сўнг Исроил ва Фаластин ўртасида сўзлашувлар мунтазам давом этишига ишониш қийинлигини айтаётир. Чунки, маълумотларга кўра, М.Аббос ва Э.Олмерт учрашувдан олдин можарога сабаб бўлаётган масалалар муҳокамасини кечиктириш, ўрнига Аннаполис учрашувидан кейин якуний музокараларга эътиборни қаратишга келишиб олган.

АҚШ ўзининг Яқин Шарқ сиёсатини араб давлатлари ҳам қўллаб-қувватлашини хоҳлайди. Бу сиёсат Эроннинг минтақадаги таъсирини чеклашни ҳам назарда тутади. Шиа Эронининг таъсири суннийларнинг “Ҳамас” ҳаракати аъзолари назорат қилаётган Ғазода ҳам, Сурия ва Ироқда ҳам сезилмоқда.

Аннаполис анжуманида араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари қатнашяпти. Сурия эса йиғилишга ташқи ишлар вазири ўринбосарини жўнатган. Шунга қарамай, кузатувчилар Сурия вакилининг Аннаполис анжуманидаги иштирокини ғалаба сифатида баҳолаётир.

Теҳрон расмийлари ва “Ҳамас” ҳаракати Исроил-Фаластин ўртасидаги тинчлик музокаралари ва Исроил давлатчилигига қарши. Кузатувчилар бир кунлик Аннаполис анжуманидан кейин араб давлатлари расмийлари бир фикрда қолиш-қолмаслигини вақт кўрсатишини айтмоқда.

АҚШ расмийлари Исроил ва Фаластин ўртасида тинчликка эришилса, Яқин Шарқдаги радикализмга сабаб бўлаётган аламзадалик кайфияти анча сўнишига умид қилаётир. Бу кайфият эса Эрон ва радикал гуруҳларнинг минтақадаги фаоллигини оширишига хизмат қиляпти.
XS
SM
MD
LG