Линклар

Ўзбек пахтасига бойкотга қўшилаётганлар кўпаймоқда


Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан оммавий фойдаланишга қарши халқаро босим кун сайин кучайиб бораётир.

Пахта теримида болалар кучидан фойдаланиш қулдорлик билан қиёсланиб, дунёдаги айрим нуфузли ишлаб чиқариш ташкилотлари ўзбек пахтасига бойкот ҳам эълон қилди. Бироқ ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати бунга пинагини ҳам бузгани йўқ.

Ўзбекистондаги “Эрк” демократик партиясининг Швецияда давом этаётган узлуксиз норозилик акциясидаги асосий талаблардан бири ҳам пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатишга қаратилган.

“Биз акция давомида ўзбек пахтасини йиғиштириб олишда болалар меҳнатига қарши эканимизни ҳам билдиряпмиз. “Ўзбек пахтаси-болалар қуллиги” каби шиорларни кўтариб чиққанмиз”,- дейди норозилик акцияси иштирокчиларидан бири Қудрат Бобожонов.

Яқинда Буюк Британиянинг тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Continental Clothing” ширкати ҳам Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши эканини билдирди.

“Биласизки, Ўзбекистонда репрессив режим шароитида етиштириладиган пахтага бойкот эълон қилдик. Чунки бу режим болалардан қул сифатида фойдаланади”,- дейди ширкат мутасаддиларидан бири Роб Шоули.

Бир қанча вақт муқаддам ББС телеканали орқали ҳам Ўзбекистонда пахта тераётган мактаб ўқувчилари тасвирланган репортаж эфирга берилган эди. Бу репортаждан таъсирланган Буюк Британия савдо ва тараққиёт вазири Гарет Томас Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатидан фойдаланаётганини “қулдорликнинг замонавий кўринишига ёрқин мисоллардан бири”, дея баҳолади.

Швецияда яшаётган ўзбек журналисти Қудрат Бобожонов кейинги пайтларда швед матбуотида Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани мавзуси тез-тез тилга олинаётганини айтади.

“Куни-кеча ҳам Швециядаги СВТ марказий телевидениеси бу ҳақда катта бир кўрсатув намойиш қилди. У ерда катта экспертлар, савдо ва ишлаб чиқариш ташкилотлари вакиллари ўзбек пахтасини ва ўзбек пахтасидан тикилган кийимларни бойкот қилиш масаласини ўртага ташлади”,- дейди Қудрат Бобожонов.

Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари болалар меҳнатидан ҳар қандай шаклда, жумладан, пахта йиғим-терими ёки қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида фойдаланишни тақиқлайди. Лекин амалда мутлақо тескариси бўлаётир.

Европа давлатлари болалар меҳнати эвазига йиғилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган жорий йилда ҳам мактаб ўқувчилари ва талабалар ёппасига пахта теримига жалб қилинди.

Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилда болалар ҳуқуқи борасидаги халқаро конвенцияни имзолаган.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев Ўзбекистон ҳукумати конвенция талабларини ҳеч қачон бажармаганини таъкидлайди.

“Болаларнинг билим олиш ҳуқуқи кенг кўламда поймол қилинмоқда. Ўз розилигисиз ва ихтиёрисиз жамоат ишларига, дала юмушларига, ҳар турли шанбаликларга жалб қилиниши орқали болалар билим олиш ҳуқуқидан маҳрум этиляпти”,- дейди А.Эргашев.

Жорий йилда Ўзбекистонда 4 миллион тоннага яқин пахта ҳосили етиштирилди. Бу ҳосилда мактаб ўқувчилари ва талаба ёшларнинг салмоқли ҳиссаси борлиги ҳеч кимга сир эмас. Лекин пахта хирмони, асосан, болалар ва талаба ёшлар қўл меҳнати эвазига йиғилганини Ўзбекистон ҳукумати тан олишни хоҳламайди ва бу ҳолатни инкор қилиб келади.

Шу дамларда эса 5-6 декабрь кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётган Халқаро тўқимачилик ярмаркасига қизғин тайёргарлик кетмоқда.

Ўзбек пахтасининг тахминан 60 фоизи экспорт қилишга мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG