Линклар

Нино Буржанадзе Грузияда сиёсий ҳаёт маромига тушишидан умидвор

  • Замира Шукур

Грузия муваффақ президенти Нино Буржанадзе “Озодлик” радиосига эксклюзив интервью бериб, муддатдан аввал президент сайлови ўтадиган 5 январгача бўлган давр Грузия учун мураккаблиги, шунга қарамай, мамлакат бу қийин синовлардан эсон-омон ўта олажагини билдирди.

5 январга белгиланган сайловда яна бир бор ўз номзодини қўйган Михаил Саакашвили амалдаги қонунчиликка мувофиқ 25 ноябрь куни истеъфога чиқди ва сайловгача мамлакатни бошқариш ваколатини парламент спикери Нино Буржанадзега топширди. Бундан аввал ҳам Нино Буржанадзе 2003 йилги “атиргул инқилоби”дан сўнг Эдуард Шеварднадзе истеъфога чиқиб, унинг ўрнига янги президент сайлангунча мамлакатни вақтинча бошқарган эди.

“Озодлик” билан суҳбатда Нино Буржанадзе Грузиянинг яна бир бор сиëсий бўҳрон домига тушиб қолганидан афсусда экани, бироқ мамлакатдаги сиëсий ҳаëтнинг тез орада изга тушишидан умидворлигини айтди.

“Грузия сиëсий ҳаëтида юз берган иккала бурилиш даврида ҳам мамлакатни бошқариш менинг зиммамга тушди. Мен бу каби тарихий давр ва белгиловчи сайловларнинг ниҳоясига етиши ва мамлакатнинг нормал сайловлар циклига қайтишига умид қиляпман”,- деди Нино Буржанадзе.

М.Саакашвили ҳукумати 7 ноябрь куни мухолифатнинг норозилик намойишини куч билан бостирганига муносабат билдирган Нино Буржанадзе бундай ëндашувни хато билувчиларга қўшилмаслигини таъкидлади.

Мухолифатнинг минглаб тарафдорларини Тбилиси марказий майдонидан ҳайдаш учун хавфсизлик кучлари кўздан ëш оқизувчи газ ва резина таëқлар қўллаган, намойиш тарқатилгач эса мамлакатда тўққиз кунга чўзилган фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди.

Н.Буржанадзенинг таъкидлашича, ҳукуматни ағдаришни талаб қилган мухолифат етакчилари муросага боришни истамаганидан сўнг вазият қалтис босқичга кирган ва ҳукумат кескинликни юмшатиш мақсадида намойишчиларга куч қўллашга мажбур бўлган.

Айнан 7 ноябрь куни хавфсизлик кучлари томонидан вайрон қилиниб, ҳозир уч ой муддатга ëпиб қўйилган мустақил “Имеди” телеканали тақдири ҳақидаги саволга жавобан Грузия муваққат президенти телеканал ўз асосчиси, корчалон ва президент сайловига номзоди қўйилган Бадри Патаркацишвили қўлидаги қурол сифатида ишлатилмаслигини кафолатлаганидан сўнггина унинг фаолиятига қайта рухсат берилишини билдирди.

“Бу борада олдимизда турган вазифа битта, “Имеди” бўладими ëки бошқа ахборот воситасими, зўравонликни тарғиб қилиш ва давлатимизни беқарорлаштиришни истаëтган сиëсий гуруҳлар қўлида қурол бўлишига йўл қўймасликдир”,- деди Нино Буржанадзе.

Суҳбат давомида Нино Буржанадзе Грузиядаги вазиятни беқарорлаштиришни истаëтган сиëсий гуруҳ ва шахслар ортида Россия турганини ëш бола ҳам кўриб, билиб турган ҳақиқат, дея атади ва Тбилиси қўлида бундай даъвони қўлловчи етарлича далиллар борлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG