Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:15

Парвез Мушарраф энди бош қўмондон эмас


Покистон президенти Парвез Мушарраф 28 ноябрь куни мамлакат армияси бош қўмондони вазифасини расман тарк этди. Энди 29 ноябрь куни у фуқаровий президент сифатида қасамёдга келтирилади.

П.Мушаррафнинг армия бош қўмондони лавозимини тарк этиш маросими катта ҳарбий парад шаклида ўтказилди. П.Мушарраф ўз ўрнини узоқ йиллик издоши, Покистон махсус хизматлари собиқ раҳбари Ашфиқ Қиёнийга тантанали равишда топширди. Эслатиб ўтамиз, 1998 йилдан буён Парвез Мушарраф эгаллаб келган бу ҳарбий лавозим мамлакатда расман Покистон қуруқлик қўшинлари штаби бошлиғи, деб аталади.

Хайрлашув маросимида П.Мушарраф Покистон армияси унга хайрихоҳ бўлгани каби А.Қиёнийга ҳам хайрихоҳ бўлишига умид қилишини таъкидлади.

“Бу ҳарбий кийимни 40 йил кийган инсон сифатида мен у билан хайрлашаман. Бу армия менинг ҳаётимдир, бу армия менинг кечинмаларимдир. Мен ҳарбий ҳаётни бир умр яхши кўрганман”,- деди Парвез Мушарраф.

Бу ҳарбий лавозим Парвез Мушаррафга 1999 йилда бўлган қонли давлат тўнтаришидан сўнг қарийб саккиз йил давомида мамлакатда мутлақ ҳокимликни таъминлади. Президент Мушарраф бундай қудратли воситадан сиёсий мухолифлар ва танқидчиларнинг давомли босимлари остидагина воз кечишга мажбур бўлди. Сўнгги ҳафталар давомида мамлакат фавқулодда ҳолатнинг эълон қилиниши эса сиёсий мухолифатнинг сабр косасини тўлдирди. Эндиликда унинг бу лавозимни тарк этиши туфайли тез орада мамлакатдаги фавқулодда ҳолат ҳам бекор қилиниши кутилмоқда.

Покистонда инглиз тилида чоп этиладиган “The News” нашри муҳаррири Шаҳид Саъдулла мамлакат учун энг оғриқли муаммо - толибларга хайрихоҳ жангари гуруҳларга қарши кураш ҳаракатлари П.Мушарраф ҳарбий лавозимини тарк этгандан кейин ҳам ҳозирги кўламда давом этади, деб ҳисоблайди.

“Эндиликда у Покистон армияси бош қўмондони лавозимини тарк этиши туфайли битта жиддий савол туғилади: шу вақтгача уни қувватлаб келган армиянинг унга хайрихоҳлиги қанчалик узоққа чўзилиши мумкин? Шуниси аниқки, шу вақтгача уни армия тўла қўллаб-қувватлаган. У ҳақиқий ҳарбий сифатида ҳам ҳарбийлар ичида таниқли эди. Раҳбар бўлгани боис, у кейинги 8 йил ичида армияни яхши таъминлади”,- дейди Шаҳид Саъдулла.

Покистонлик таниқли журналист Аҳмад Рашид эса бундан буён ҳам ҳарбийлар П.Мушаррафни қувватлашда давом этишига шубҳа қилмайди.

“Чунки армиянинг барча юқори лавозимли ҳарбийларини П.Мушаррафнинг ўзи тайинлаган. Махсус хизмат раҳбарларини ҳам у лавозимга қўйган. Эндиликда янги тайинланган бош қўмондон эса, шубҳасиз, Парвез Мушарраф тарафдори. Тўғри, бу вазият ўзгариши мумкин. Аммо бунинг учун кўп вақт керак”,- деди Аҳмад Рашид.

Унинг фикрича, янги қўмондон генерал-лейтенант А.Қиёний бошчилигидаги Покистон армияси асосий эътиборни Афғонистон билан чегарадош нуқталарда жойлашган толиблар тарафдорларига қарши курашга қаратади.

“Шубҳасиз, армия террорга қарши курашга асосий эътиборни қаратган эди. Ана шу йўналишда давом этади. Факт шуки, Покистондаги сиёсий бўҳрон Мушаррафнинг иккита амални бирдан эгаллагани, ҳам президент ва ҳам бош қўмондон бўлгани учун юзага келган эди. Сиёсий вазият билан оввора бўлиб, у террорга қарши курашга етарли эътибор қарата олмаган эди. Фикримча, энди Покистон армияси бутун имконияти билан террорга қарши курашга киришадиган раҳбарга эга бўлди”,- деди Аҳмад Рашид.

Аммо Парвез Мушаррафнинг сиёсий мухолифлари унинг ҳарбий лавозимдан истеъфосига нисбатан танқидий қарамоқда.

7 йиллик муҳожиратдан сўнг мамлакатга қайтган собиқ бош вазир Навоз Шариф: “Биз яқин кунлар чида кўришни истаган Покистон бу – демократик Покистондир. Бу диктаторлик бошқарувидан холи, ҳамма давлат органлари ва мавжуд институтлар, хусусан, оммавий ахборот воситалари, суд ҳокимияти мустақил бўлган Покистондир. Айни вақтда биз бу давлатни яна бир бор ҳарбий ҳолат исканжасида қолишини истамаймиз ”,- деди.
XS
SM
MD
LG