Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:26

Исроил ва Фаластин раҳбарлари музокараларни қайта бошлайди


АҚШнинг Аннаполис шаҳрида ўтказилган Яқин Шарқ тинчлик анжуманида Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт ва Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Фаластин давлатчилиги борасидаги музокараларни қайта бошлашга келишиб олди.

Аннаполисдаги анжуман Исроил ва Фаластин можаросига барҳам бериш учун фурсатдан фойдаланиш маслаҳати билан тугади.

“Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги тинчлик АҚШ миллий манфаатига хизмат қилади. Ҳозир бу борада муваффақиятга эришиш имкониятига эгамиз. Муваффақият Яқин Шарқда тинчлик, эркинлик ва барқарорлик қарор топишида муҳим аҳамиятга эга. Ҳамма бу йўлда фақат муваффақиятга эришиш керак, деган фикрда. Бугун томонлар шундай қилишга қатъий бел боғлаганини изҳор этди”, – деди йиғилиш сўнггида чиқиш қилган АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс.

Анжуман қатнашчиларининг аксари Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро Яқин Шарқ минтақасида экстремизм кучайишининг сабабларидан бири, деган фикрда. Хусусан, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Сауд ал-Файсал тинчлик жараёнининг тўхтаб қолгани экстремистик ғояларга даъватни кучайтирганини айтди.

Айни пайтда экстремизм хорижий давлатларнинг Яқин Шарқдаги воқеаларга таъсир этиш омилига айланди. Вашингтон ва бошқа давлатлар Эрон ҳозир Фаластиннинг Ғазо секторини назорат қилаётган радикал “Ҳамас” ҳаракати ва Ливандаги “Ҳизбаллоҳ” гуруҳини қўллаб-қувватлаш орқали минтақадаги вазиятга таъсир этиб келаётганини айтмоқда.

Исроилнинг БМТдаги элчиси Гиллерман Эрон таҳдидидан қўрқув аксарият араб давлатларини анжуманга етаклаганини таъкидлади.

“Холокостни рад қилган ва бошқасига тайёргарлик кўраётган Эрон ва унинг восвос, вайсақи президенти таҳдидига қарамай, бугун биз Аннаполисда араб биродарлар тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаётганини кўряпмиз”, – деди Исроил расмийси.

Айрим араб расмийлари ҳам ўзаро суҳбат чоғида анжуманда қатнашишлари сабаби Эроннинг таҳдиди эканини айтган. Сунний мазҳабидаги аксарият ҳукуматлар Ироқдаги шиа партияларни қўллаб-қувватлаш орқали Эрон Бағдодга ўз таъсирини кучайтирганидан хавотирда. Эронга қўшни бўлган Саудия Арабистони расмийлари Ироқда шиаларнинг ҳукмрон кучга айланиши саудиялик шиаларга ҳам намуна бўлишидан ҳамда улар ҳукуматдан кўпроқ сиёсий салоҳият талаб қилиши мумкинлигидан ташвишда.

Аннаполис анжуманига таклиф қилинмаган Эрон йиғилишни қоралаб, уни араб манфаатларига таҳдид, дея атади. 27 ноябрь куни Эрон ҳукумати матбуот котиби Ғулом Ҳусайн Илҳом араб давлатларини Исроил билан муроса қилмасликка чақирди.

Шунингдек, Эрон ўз иттифоқчиси бўлган Сурия вакили АҚШ ҳомийлигидаги анжуманда қатнашганидан афсусланиш билдирди. Сурия расмийлари эса Жўлон тепаликлари масаласи муҳокама қилиниши боис, анжуманда қатнашишга қарор қилинганини айтди. Сурия Исроилдан Жўлон тепаликлари қайтарилишини талаб қилмоқда.

Аннаполисда Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт ва Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Фаластин давлати барпо этиш юзасидан музокараларни 2008 йил охиригача тугатиш ҳақида келишиб олди. Сўзлашувлар давом этиши учун томонлар икки ҳафтада бир марта учрашиб туришга рози бўлди.

28 ноябрь куни Маҳмуд Аббос ва Эҳуд Олмертнинг Оқ уйда АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашуви ҳамда дастлабки музокарани бошлаши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG