Линклар

Президентликка номзодлар амалдаги президентни мақташ билан овора

  • Замира Шукур

Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайловидаги асосий номзод, мамлакатнинг амалдаги раҳбари Ислом Каримов турли вилоятларда бўлиб, сайловчиларни ўзининг сайлов дастури билан таништирмоқда.

Шу кунгача сайловолди кампанияси доирасида Қашқадарë, Сурхондарë, Навоий ва Бухоро вилоятларида бўлиб, сайловчилар, деб аталаётганлар билан учрашувлар ўтказган И.Каримов яна етти йил ҳокимиятда қолса, ўзи бошлаган “кенг кўламли ислоҳотлар”ни давом эттиражагини ваъда қилмоқда.

И.Каримовнинг сайловолди чиқишлари мазмуни унинг мустақилликнинг 16 йиллиги муносабати қилган чиқишига айнан уйқашдир. Ўзбекистоннинг ўзи президентлик қилган 16 йили ҳақида гапира туриб И.Каримов бу давр мобайнида иқтисодни кўтариб, халқ фаровонлигини ошириш, демократия ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида эришилган ютуқларни ҳеч ким инкор эта олмаслигини даъво қилди ва бу ютуқларнинг ўзига маҳлиë қилиш даражасида улканлигидан гапирди. 1 сентябрь куни И.Каримов келажак йилларда унда-да каттароқ ишлар қилинишига ваъда берган эди.

Вилоятма-вилоят юриб, Ўзбекистон халқига бераëтган бу каби ваъдаларни эшитаëтган оддий ўзбекистонликлар И.Каримовнинг гапларга кўп ҳам эътибор қилмаëтган кўринади. Ҳар қалай, Ўзбекистоннинг турли вилоятларида яшовчи сайловчилар билан суҳбатлардан шундай мазмун келиб чиқмоқда.

Хоразмлик Жуманазар ака И.Каримовнинг вилоятма-вилоят юриб, ўзи амалга оширган улкан ислоҳотлар, бундан кейин Ўзбекистон иқтисодининг янада ривожланиб, халқ турмушининг янада фаровонлашиб кетиши ҳақидаги гапларини ëлғон билади ва халқ бу гапларга ишонмаслиги, аммо ўзини ишонаëтган қилиб кўрсатишга мажбурлигини айтади.

“Ўзбекистонда гўë сайлов бўлаëтгандек қилиб кўрсатиш учун сайловолди кампанияси, деб аталаëтган томошаларга қарамай, 23 декабрь куни И.Каримовнинг яна сайланишини халқ билади ва яқин келажакка қўрқув билан боқиб турибди. И.Каримов яна ҳокимиятда қолар экан, мен Ўзбекистонда бирор яхшилик, бирор ислоҳот бўлишига ишонмайман. Шу боис, мен у одамга сайлов ва сайловолди ваъдалари, деган ўйинни йиғиштириб, Ўзбекистонга яхшилик хоҳласанг, ҳокимиятдан кет, деган бўлардим”,- дейди хоразмлик суҳбатдош.

И.Каримовнинг 16 йиллик президентлиги ҳақидаги бундай кескин танқидий фикрларни бугун ўзларини унга сиëсий рақиб кўраётган, сайловолди кампанияси доирасида сайловчилар билан учрашаëтган уч номзоддан эшитиш тўғрироқ бўларди. Зотан, сайловолди кампанияси давомида ўз дастурини халққа тақдим қилар экан, амалдаги президент рақибларидан мамлакатда қандай хатоларга йўл қўйилдию, бу хатоларни улар қандай тўғрилаш режасида экани ҳақида гапириш кутилади. Бунинг ўрнига улар президентликда қолиши ҳаммага аëн бўлиб турган Ислом Каримовнинг 16 йилда давомида қилган ишларини мақташ билан овора.

Хусусан, 28 ноябрь куни Сирдарëда сайловчилар билан учрашган Халқ демократик партиясидан президентликка кўрсатилган Аслиддин Рустамов “мамлакатда И.Каримов бошчилигида амалга оширилаëтган кенг кўламли ислоҳотларнинг сезиларли самара бераëтгани, Ўзбекистон жадал суръатлар билан ривожланиб, халқ турмуш даражаси кўтарилиб бораëтгани”дан гапирди.

“Адолат” ижтимоий демократик партияси номзоди Дилором Тошмуҳаммедова эса 27 ноябрь куни телевидениеда қилган чиқишида мамлакатда демократик жараëн кенгайиб бораëтганини таъкидлади.

Ўзбекистонлик кузатувчи Хайрулла Норбеков И.Каримов рақибларининг рақибларга хос бўлмаган бу тарздаги сайлов кампанияларини шарҳлар экан, уларни ўзларига топширилган вазифани адо этишга уринаëтган ҳуқуқсиз, бечора аскарларга ўхшашини таъкидлади ва айни шу ролни ўйнаб берган Абдулҳафиз Жалолов тақдирини ëдга олади.

А.Жалолов 2000 йилги президент сайловида И.Каримовга Халқ демократик партиясидан рақиб сифатида белгиланган ва ўзининг Ислом Каримовга овоз берганини баралла айтиш орқали ҳали дунë аҳли эшитмаган баëнотни қилган эди. Сайловдан кўп ўтмай, А.Жалолов эгаллаб келган барча лавозимларидан озод этилган ва сиëсий ҳаëтдан мутлақ четлатилганди.

Мустақил кузатувчилар, бу галги сайловолди кампаниясини И.Каримов учун пиар кампаниясига айлантираëтган уч номзодни ҳам яқин келажакда шу каби тақдир кутаëтган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмаслигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG