Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:10

Россия таклифи кучли мунозара уйғотаётир


Мадридда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо 56 давлат ташқи ишлар вазирлари учрашуви бошланди. Йиғин кун тартибига ташкилот келажагини белгиловчи муҳим масалалар, хусусан, Россия ташаббуси билан киритилган таклифлар муҳокамаси қўйилган.

Ўзбекистон ва Беларус каби иттифоқчилари таянчини рўкач қилаëтган Москва ЕХҲТ ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг сайловларни кузатиш ваколатини кескин чеклашни талаб қилмоқда.

АҚШ давлат котибининг сиëсий масалалар бўйича ëрдамчиси Николас Бёрнс ўз ҳукумати ЕХҲТ бюросининг сайловларни кузатиш ваколатини ҳимоя қилажаги ва Россиянинг бу борадаги талаби юзасидан муросага мутлақ ўрин йўқлигини таъкидлади.

“Мен бу таклиф қабул қилинган тақдирда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросини кескин заифлаштириб, унинг келажагини шубҳа остига қўяди, деган ишончдаман. Бу таклифни қўллаëтганлар Ўзбекистон, Беларус ва ҳатто Қозоғистон ҳукуматларидир. Бу давлатларнинг шундай таклифни ишлаб чиққани ўта афсусланарли. Биз унга тиш-тирноғимиз билан қаршимиз”,- деди Н.Бёрнс.

Унинг таъкидлашича, бу таклиф Мадрид йиғинида, қолаверса, ЕХҲТнинг вазирлар даражасидаги кейинги учрашувларида ҳам қатъиян рад этилиши шарт.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Россия ва ЕХҲТ бюроси ўртасида бўҳрон йўқлиги, бўҳрон бу идоранинг ўз ичида эканини айтди.

“Бюро билан боғлиқ бўҳронга барҳам бериш ҳақидаги саволга келсак, бу савол мазкур идорага берилиши лозим, зотан бўҳронни улар яратди. Бизнинг бу идора бошлиғи жаноб Строҳал билан ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Аммо улар ўз ëндашувини Россия ўз мажбуриятларини бузганига жавобан пайдо бўлган қилиб кўрсатишни тўхтатиши лозим”,- деди С.Лавров.

Россия ҳукумати ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш халқаро миссияси сонини кескин чеклагани, уларга виза беришни пайсалга солгани боис, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси Россияда 2 декабрга белгиланган парламент сайловига ўз кузатувчиларини юбормасликка қарор қилган ва шундан бери ташкилот ва Кремль ўртасидаги кескинлик кучайиб бормоқда.

ЕХҲТ ташқи ишлар вазирларининг Мадрид йиғинида муҳокама қилинадиган яна бир муҳим масала Қозоғистонга 2009 йилда ташкилотга раислик қилиш навбатини бериш-бермасликдир.

Ташкилотга аъзо 56 давлатнинг аксарияти Қозоғистонга раисликнинг берилишини пинҳона қўлламоқда, аммо АҚШ, Буюк Британия ва Чехия ҳукуматлари расмий Остона инсон ҳуқуқлари ва демократияга етарлича ҳурмат кўрсатмаëтгани боис, мазкур нуфузли ташкилотга раислик қилишга тайëр эмас, деб ҳисобламоқда.

Кузатувчилар Қозоғистон Мадрид йиғинида ЕХҲТнинг 2009 йилги раислигига лойиқ топилмаслиги, бироқ муроса ўлароқ, 2010 ëки 2011 йилги раисликка умидвор қилиниши мумкинлигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG