Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:53

Россия муҳим шартномадаги иштирокини тўхтатди


Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг Европа хавфсизлигида муҳим ўрин тутувчи Европада оддий қуроллар ҳақидаги шартномада иштирокини тўхтатиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Москва расмийлари бу шартнома самара бермаётгани, чунки СССР парчалангани ҳисобга олинмаган келишувнинг 1999 йилдаги янгиланган кўринишини Россия ратификация қилгани, бироқ НАТО давлатлари уни тасдиқламаганини иддао қилмоқда.

В.Путин имзолаган, 12 декабрда кучга кириши кутилаётган бу қонун Россияга мамлакатнинг Урал тоғидан ғарб томондаги ҳудудларига қўшимча танклар, артиллерия, жанговар самолётлар жойлаштириш имконини беради.

ЕХҲТга аъзо 56 давлат ташқи ишлар вазирларининг Мадридда ўтган йиғилишида АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари Россияни Европада оддий қуроллар ҳақидаги шартномадан бир томонлама чиқмасликка кўндиришга сўнгги бор уринди.

Россия шартномадан чиққанини эълон қилгандан кейин ҳозир ЕИ раислик қилаётган Португалия ташқи ишлар вазири Луис Амадо келишув тақдири хусусида хавотир билдирди.

Россия парламентининг юқори палатаси бўлган Федерация кенгаши Европада оддий қуроллар шартномасида Россиянинг иштирокини тўхтатиш ҳақидаги қонун лойиҳасини 16 ноябрь куни бир овоздан тасдиқлаган эди. Шундан кейин ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Рейтер” ахборот агентлигига берган интервьюсида Россия Европа қитъасида стратегик ва ҳарбий барқарорлик ҳамда сиёсий мувозанатни қайта тиклаши кераклигини билдирганди.

“Биз Европада қуролларни чеклаш, қуролларни назорат қилиш соҳасида тартиб ўрнатишга имконият яратувчи реакцияни кутяпмиз. Буни фақат Европада оддий қуроллар ҳақидаги шартномага тузатишлар киритиш ва умуман аллақачон эскириб қолган тартибни замонавийлаштириш орқали амалга ошириш мумкин ”, – деганди С.Лавров.

Европада оддий қуроллар ҳақидаги келишувга эришиш учун НАТО ва Варшава шартномасига аъзо давлатлар 10 йил мобайнида музокара олиб борган. Ниҳоят имзоланган шартнома 1992 йилда кучга кирган. Мазкур битим Атлантика океанидан Урал тоғигача бўлган ҳудудга жойлаштириладиган қуроллар сонини чеклашни назарда тутади. Шу боис, иккала блок вакиллари шу ҳудуддаги ҳар қандай ҳарбий қисмни ўзлари хоҳлаган пайтда кутилмаганда бориб текшириш ҳуқуқига эга эди.

Варшава шартномаси тарқалиб кетганидан сўнг воқелик инобатга олиниб, Европада оддий қуроллар ҳақидаги келишувнинг янгиланган шакли 1999 йилда Истанбул шаҳрида имзоланган эди. Бу келишувни Россиядан ташқари собиқ иттифоқнинг уч республикаси - Украина, Беларус ва Қозоғистон имзолаган.
XS
SM
MD
LG