Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:44

Абдуғани Ўзбекистонга бериб юборилиши мумкин


Россиянинг Тюмень вилоятида саккиз кун аввал бедарак йўқолган ўзбекистонлик қочқин Абдуғани Камалиев депортация қилишга мўлжалланган чет эллик фуқароларни вақтинча сақлаш изоляторида экани маълум бўлди.

23 ноябрь куни Тюмендаги уйидан чиқиб кетганича қайтиб келмаган А.Камалиевнинг тақдири шу кунгача номаълум қолаётган эди.

Москвадаги “Фуқоравий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябининанинг билдиришича, 23 ноябрнинг ўзидаёқ Тюмень вилояти суди А.Камалиевни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилган. У хорижий фуқароларнинг Россияда бўлиш тартибини бузганликда айбланмоқда.

Е.Рябинина қочқиннинг рафиқаси Маймуна Камалиева ва “Фуқаровий кўмак” томонидан ажратилган адвокат турли баҳоналар билан А.Камалиев олдига киритилмаганини маълум қилди.

Абдуғанининг асл фамилияси Турсунов бўлиб, у Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Уйчи туманида яшаган. 1997 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддасига кўра, унга конституциявий тузумга тажовуз қилиш айби қўйилиб, устидан жиноят иши очилган. Шундан кейин у Россияга қочиб борган. 2000 йилда Абдуғани Турсунов Россия фуқаролигини олган. Шу йили Россия фуқароси бўлган Маймуна Камалиевага уйланиб, рафиқаси фамилиясига ўтган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари талабига кўра, 2006 йил февралда ҳам Абдуғани Камалиев Тюменда ҳибсга олинган эди. Аммо 2006 йил декабрда Россия Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга топширишни рад этди. Бироқ кейинчалик негадир унинг Россия фуқаролиги паспорти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб қўйилди.

Елена Рябинина бу ишларда ўзбек махсус хизмати ходимларининг қўли борлигини таъкидлади. У А.Камалиев билан боғлиқ ҳолат экстрадиция қилиниши рад этилган фуқароларни турли йўллар билан ўзбек махсус хизматлари қўлига топширишнинг навбатдаги бир кўриниши эканини айтди.

Маълум бўлишича, 28 ноябрга ўтар кечаси А.Камалиевни Ўзбекистонга депортация қилишга уриниш бўлган. Бироқ россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг аралашуви туфайли бу иш кечиктирилган.
XS
SM
MD
LG