Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:50

Яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси қамаляпти


“Эзгулик” жамияти аъзоси Карим Бозорбоев давлат мулкини ўзлаштириш ва Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раҳбарини ҳақоратлаш каби айблар билан 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Шунингдек, суд сирдарёлик 45 ёшли ҳуқуқ ҳимоячисидан ишлаган маошидан 3 миллион 730 минг сўмни давлат фойдасига ундириб олиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Карим Бозорбоев 23 октябрь куни ҳибсга олинган эди.

Сирдарё вилояти жиноят ишлари суди судьясининг билдиришича, Карим Бозорбоевнинг жиноят иши бўйича яна уч шахс Жиноят кодексининг туҳмат, давлат мулкини ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва пора бериш моддалари бўйича айбланган.

“Эзгулик” жамиятининг Сирдарё бўлими раҳбари Исроил Ризаев айни айбловлардан айримлари юзасидан тушунтириш берди.

“К.Бозорбоев инсон ҳуқуқлари ташкилотига аъзо бўлишдан аввал 2004–2006 йиллар давомида Гулистон шаҳридаги Муқимий маҳалласида фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаган. Ўша пайтда давлат мулкини талон-тарож қилган, деган айб қўйилган. Яъни у муҳтож оилаларга моддий ёрдам тарзида ортиқча пул берганликда айбланди”,- деди И.Ризаев.

Шунингдек, К.Бозорбоев Ўзбекистон муфтийсини ҳақорат қилишда ҳам айбланди. Маълум бўлишича, Гулистон жомъе масжиди имом хатибининг баъзи бир хатти-ҳаракатлари юзасидан қирқдан зиёд фуқаро “Эзгулик” жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Бу шикоят билан К.Бозорбоев шуғулланган. Аризадаги иддаоларнинг барчаси давлат органларига, Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасига тақдим қилинган. Натижа бўлмагач, муфтийга кесатиқ тарзида қаттиқ гап-сўзлар ҳам айтиб юборилган. Судда бу ҳолат давлат хизматчиси вазифасини бажариб турган масъул шахсга нисбатан ҳақорат ва туҳмат, деб топилган.

Судда К.Бозорбоев муфтийни ҳақорат қилиш айбини қисман бўйнига олган, лекин бошқа айбловларни рад этган.

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова К.Бозорбоев беш йилдан буён инсон ҳуқуқлари билан шуғулланиб келаётгани, унинг қамоққа олинишига айнан шу фаолияти сабабчи эканини билдирди.

“Карим Бозорбоев ҳукумат органлари, ҳокимият вакиллари кирдикорларини очиб ташлагани, хусусан, Сирдарё вилоятида содир қилинаётган жиноятларнинг туб илдизи айнан ҳукумат идораларига бориб тақалишини фош этгани учун қамоққа олинди. К.Бозорбоев инсон ҳуқуқлари борасидаги фаолияти давомида вилоятдаги ҳокимият идоралари, ИИБ, миллий хавфсизлик, прокуратура ходимлари жиноятни очишни хоҳламаётгани, жиноятларни хаспўшлаётганини ошкора танқид қилди. Унинг бу ҳаракатлари юқорида санаб ўтилган ташкилотларга ёқмаслиги табиий”,- деди В.Иноятова.

Унинг билдиришича, К.Бозорбоев инсон ҳуқуқи борасидаги фаолияти учун авваллари ҳам босим ва тазйиқларга учраган, ҳатто унга таҳдид қилинган.

“Ўтган йили “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаев, унинг ўринбосари Карим Бозорбоев Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси ва вилоят миллий хавфсизлик идорасига таклиф қилиниб, агар ҳуқуқ ҳимояси борасидаги фаолиятини давом эттирса, уларни ҳам Аъзам Фармонов ва Алишер Кароматов (қамоққа тиқилган ҳуқуқ ҳимоячилари) тақдири кутаётгани ҳақида огоҳлантирилган эди”,- деди В.Иноятова.
XS
SM
MD
LG