Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:52

Ўзбекистонда навбатдаги амнистия эълон қилинди


Ўзбекистон Олий Мажлисининг юқори палатаси - Сенат мамлакат конституциясининг 15 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Қарорга кўра, ўта оғир бўлмаган ва жамиятга зиёни етмайдиган жиноят содир қилганлар, биринчи галда эса аёллар, 60 ёшдан ошган ҳамда хориж фуқаролари бўлган маҳбусларга нисбатан амнистия қўлланилиши лозим.

Аммо Ўзбекистонда ҳар йили эълон қилинаётган бу каби амнистияларнинг ижроси ва қўлланиш тартибида шаффофлик йўқлиги боис, унинг асл натижалари ҳамон қоронғулигича қолмоқда.

Амнистия тўғрисидаги қарорни катта умид билан бўлмаса-да, ҳар ҳолда кутган жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев бу галги авф тақдири ҳам аввалгиларидан фарқ қилмаслигини айтади. Унинг ўғли Ихтиёрнинг қамалишида отасининг фаолияти сабаб экани билдирилади.

“Амнистияга ишониладиган бўлса, ўғлим ҳалигача авф этилган бўлар эди. Бироқ қарорда қамоқхона ички тартибини икки ёки ундан ортиқ марта бузганларга амнистия қўлланилмаслиги ёзиб қўйилган. Энг даҳшатлиси шу. Ичкарида қамоқхона маъмурияти кимга хоҳласа ва қандай хоҳласа, шундай тарзда ички тартибни бузди, деган айбни ёпиштиради. Ихтиёрга ҳам ҳали қамоққа тушганига 20 кун бўлмай, ички тартибни бузди, деган ҳужжат расмийлаштириб қўйилган”,- дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси (унинг ҳам ўғли диний мотивларда айбланиб қамалган) Улуғбек Усмонов жиззахлик ҳамкасби фикрига қўшилар экан, кимнинг амнистия қилиниши тўлиқ равишда қамоқхона маъмуриятининг ихтиёрига берилганини таъкидлади.

Унинг айтишича, муайян маҳбус амнистияга туширилмаслиги учун унинг ёстиғи тагидан кутилмаганда лезвия “топилиб” қолади, ёки диндор маҳбус “отбой”дан кейин намоз ўқигани “аниқланади”. Қамоқхона тартибини бузишда ноҳақ айбланган бундай маҳбусларнинг арзини эшитадиган эса топилмайди. Қамоқхона маъмурияти бундай айбловни кўзига ёмон кўринган маҳбусдан тортиб, юқоридан махсус кўрсатма келган маҳбусларга қадар қўллаши мумкин. Шу боис, сўнгги икки йил давомида эълон қилинган амнистия туфайли диний-сиёсий мотивларда айблаб қамалган маҳбуслар озод қилинмаган.

“Сўнгги икки йил ичида диний-сиёсий мотивларда айбланган бирорта маҳбус амнистияга илингани йўқ. Амнистия қилинаётганларнинг деярли ҳаммаси ҳақиқатда иқтисодий жиноятлар содир этган. Энг ёмони, улар амнистия билан тезда озодликка чиқиш йўлини билиб олгани учун ҳеч қўрқмай яна жиноятга қўл ураверади”,- деди У.Усмонов.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб келаётган “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакиласи Андреа Берг бундай ҳолатларни ўрганиш имкони йўқлиги, чунки на мамлакат ичкарисидаги ва на ташқарисидаги тегишли ташкилотлар, экспертларига Ўзбекистон қамоқхоналарини кўздан кечиришга рухсат берилмаслигини билдирди.

“Ўзбекистонда қамоқхонадаги вазият мустақил ташкилотлар томонидан текширилмаслиги, мустақил мониторинг ўтказилмаслиги ҳаммага аён. Шу боис, қамоқхона маъмуриятининг ўз қўл остидаги маҳбусга ички тартибни бузганлик айбини қўйганида, бунинг қанчалик қонуний эканини текшириш имконсиз. Айни вақтда маҳбусларга ҳам бунинг устидан арз қилиш имкони берилмаган”, - дейди Андреа Берг.

Унинг сўзларига кўра, ҳар йили амнистия эълон қилингандан сўнг унинг ижроси учун берилган муддат тугагунга қадар ҲРУга ўзбекистонлик фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келади.

“Амнистия матнида Жиноят кодексининг 159, 244-моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этганларга авф қўлланмаслиги айтилади. Айнан шу моддалар билан эса, асосан, диндорлар, сиёсий шахслар ёки инсон ҳуқуқлари фаоллари, эркин фикрловчилар қамалишини тасдиқловчи фактлар талай”,- дейди Андреа Берг.

Яна бир жиҳат шундаки, Ўзбекистонда ҳар йили конституция байрами олдидан мамлакат президенти эълон қиладиган авфи умумийнинг айнан қанча маҳбусга нисбатан қўлланилган ва қай тариқа қўлланилгани ҳам эълон қилинмайди. Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Улуғбек Усмонов шундай рақамлар билан боғлиқ бир мисол келтирди.

“Бир гал Жазо ижро этиш бош бошқармасидан рақамларни сўраганимизда, 400га яқин диндор маҳбус озод қилингани ҳақида маълумот беришди. Шунда биз уларнинг исм-фамилиясини сўрадик, аниқлаштириш учун. Аммо рад этишди. Шубҳа йўқки, бу аниқ рақамлар эмас”,- деди У.Усмонов.

Шу ўринда эслатиш жоиз, сўнгги 4-5 йил ичида илк бор шу йил ёзда бош прокурор Рашиджон Қодиров амнистия тўғрисидаги ўтган йилги қарор ижроси бўйича ҳисобот эълон қилган эди. Унинг билдиришича, 44 минг маҳбусга нисбатан амнистия қўлланган. Шунингдек, жиноий жавобгарликка тортилган 2 минг 377 аёл ва вояга етмаган 689 ўсмир жазодан озод қилинган.

Аммо булар кимлар ва амнистия уларга нисбатан қай тариқа қўлланган ва умуман бу тилга олинган рақамлар асл ҳақиқатга мосми ёки йўқ, ҳануз номаълум.
XS
SM
MD
LG