Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:18

Давлат думаси янги депутатларни кутмоқда


http://iduma.lenta.ru/news/2007/12/02/presence/picturesmall.jpg 2 декабрь куни Россия Давлат думасига сайлов бўлиб ўтди. Думадаги 450 ўрин учун 11 та партия кураш олиб борди. Сайловдан олдинги ижтимоий сўров натижалари унда “Ягона Россия” партияси ғалаба қозонишини кўрсатганди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Владимир Чуров сайловчилар фаоллиги 2003 йилги сайловдагидан кўра баландроқ бўлганини билдирди.

Расмий маълумотларга кўра, Россиянинг сайлов участкалари биринчи бўлиб ëпилган энг шарқий Чукотка минтақасида овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 73 фоиздан кўпроғи иштирок этган.

Давлат думасидаги аксар ўринларни қўлга киритиши тахмин қилинаётган “Ягона Россия” партияси парламентда конституциявий кўпчиликни ташкил этиб, президент Владимир Путиннинг 2008 йилдан сўнг ҳам ҳокимиятга қолишига замин яратилиши кутилаётир.

Россиядаги энг машҳур сиëсатчи бўлиб қолаëтган В.Путин эса сайловчилар томонидан ўз ҳукмронлиги даврида Россияни иқтисодий тараққиëт томон етаклаган лидер сифатида кўрилмоқда.

Москвалик муҳандис Михаил Золотов ўзининг “Ягона Россия” учун овоз бергани, зотан айнан В.Путин ҳукмронлиги давомида иқтисодий барқарорликка эришилганини таъкидлади.

“Биласизми, 90-йиллардаги бошбошдоқлик жонимга тегиб кетган эди, ўшанда ўзим ишлаëтган заводдан кетишга, иш излаб нечта жойга бош уришга мажбур бўлган эдим. Ҳозир эса Россияда барқарорлик ва тартиб бор”,- дейди В.Путин етакчилик қилаётган партияга овоз берганини изоҳлаган М.Золотов.

Давлат думасидаги ўринлар учун курашаëтган 11 партия орасида Комммунистлар, Либерал демократлар ва “Яблоко” партиялари ҳам бор ва улар думадан жой олиш учун 7 фоизлик тўсиқни енгиб ўтиши лозим.

Мухолифат гуруҳлари “Ягона Россия” партиясининг Кремль таянчидан фойдаланиб, сайловолди кампанияси давомида имтиëзларга эга бўлгани, хусусан, оммавий ахборот воситаларидаги аксар вақт “Ягона Россия” рекламаси учун ишлатилганини айтмоқда.

Коммунистлар раҳбари Геннадий Зюганов Давлат думасига сайловни Россия яқин тарихидаги “энг қонунсиз сайлов”, дея баҳолади.

“Бу, менимча, энг қийин, энг ифлос ва масъулиятсиз ўтган сайловдир. Агар Борис Елцин даврида сайловлардаги қаллобликнинг икки хил йўли бўлган ва сайловчиларни қўрқитиш ва якуний протоколни ўзгартириш усули ишга солинган бўлса, бугунги сайловда одамларни алдашнинг ўнлаб янги усуллари қўлланди”,- деди Г.Зюганов.

“Ўзгача Россия” мухолифат гуруҳи етакчиси, шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаров ҳам 2 декабрь кунги сайлов ҳақида худди шундай танқидий фикрда.

“Мен барчани “сайлов” сўзини қўллашда эҳтиëт бўлишга чақираман. Бугунги тадбирни сайлов, деб бўлмайди, балки уни танлов имконисиз сайлов, дейиш мумкиндир. Сайлов участкаларидаги қутилар расман ëпилганидан сўнг улар яна очилганини кўриш қийин эмас. Сайловолди жараëни, нимаки қилсангиз, биз ҳаммасини билиб турамиз, деган пўписа билан ўтгани учун одамлар қўрқувда”,- деди Гарри Каспаров.

Аммо президент В.Путин сайловга бутунлай бошқача баҳо берди ва ҳамма нарсани сайловчининг ўзи ҳал қилганини таъкидлади.

Овоз бериш учун сайлов участкасига келган В.Путин ўз партияси дастури сайловчилар таянчини қозонишига ишонч билдирди.

Россиядаги бу тадбир сайловларни кузатиш бўйича Европадаги энг нуфузли гуруҳ ҳисобланмиш ЕХҲТ ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси иштирокисиз ўтди. Кремль кузатувчилар сонини кескин қисқартиргани ва уларга виза беришни пайсалга солгани сабабли бу идора сайловга ўз кузатувчиларини юбормасликка қарор қилишга мажбур бўлди.

Россиядаги юз мингга яқин сайлов участкасида бўлиб ўтган овоз бериш жараёнини асосан постсовет давлатлардан келган 330 мутахассис кузатгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG