Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:56

Қозоғистонда ОИТВ юқтирганлар сони расман 10 мингга яқинлашиб қолди


Қозоғистон ОИТС марказининг сўнгги маълумотига кўра, жорий йилнинг ноябрь ойига қадар мамлакатда одам иммун танқислиги вируси -ОИТВни юқтирганлар сони 9 минг 83 кишини ташкил этмоқда.

Ноябрь ойининг ўзида эса 199 киши шу касалликка чалинган. Жорий йилда ОИТВ юқтирганлар сони ўтган йилгига қараганда 1,3 фоиз кўпайган.

Марказ ходимаси Тамара Юсупалиеванинг айтишича, энг хавотирлиси шуки, ОИТВга чалинаётганларнинг 60 фоизини ёшлар, аниқроғи 15 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда.

Халқаро кузатувчилар аслида Қозоғистонда бундай беморлар сони расмий маълумотлардагидан 2-3 баробар кўплигини билдираётир.

Қозоғистонда ОИТВ юқтирган илк фуқаро 1987 йилда аниқланган эди.

Тамара Юсупалиеванинг таъкидлашича, Қозоғистонда, жумладан, Олмаотада ОИТВ юқтирганларнинг 87 фоизини гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилувчи кишилар ташкил этади. Уларнинг аксарияти касалликни инъекция йўли билан орттирган.

Журналист Бўлатбек Урпебоевнинг сўзларига кўра, ҳатто ўтган йили Жанубий Қозоғистонда ОИТВнинг оммавий юқтирилиши ҳам ҳукуматни бу муаммога қарши жиддий чоралар кўришга ундамаган.

“Ҳукумат Жанубий Қозоғистондаги фожеа ОИТВ бўйича мамлакатдаги умумий салбий ҳолатдан огоҳлантириш эканини ҳам пайқагани йўқ”,- дейди журналист.

Маълумотларга кўра, ҳозир Қозоғистон ОИТВ юқтирган беморлар сони бўйича МДҲ мамлакатлари орасида расман 5-ўриндадир.
XS
SM
MD
LG