Линклар

“Ягона Россия” Давлат думаси хўжайинига айланди

  • Замира Шукур

2 декабрь куни Россия Давлат думасига бўлиб ўтган сайловда, дастлабки натижаларга кўра, президент Владимир Путин етакчилигидаги “Ягона Россия” партияси ғалаба қозониб, қарийб 65 фоиз овоз олди.

Иккинчи ўринда қолган Коммунистик партия эса бор-йўғи 11,6 фоиз овоз тўплади.

Давлат думасининг амалдаги раҳбари Борис Гризлов сайлов натижалари россияликлар В.Путин бошлаган сиёсат давом этишини истаётганидан дарак эканини таъкидлади.

“Овоз бериш натижалари В.Путиннинг миллий етакчи экани ҳақидаги бош ғояни тасдиқлади ва сайловчиларнинг В.Путин 8 йилдан бери юрғизаëтган сиëсий йўналишни қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Бугун биз бу йўналиш бундан сўнг ҳам давом этажаги ҳақида қатъият билан гапира оламиз”,- деди Б.Гризлов.

Овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчиларнинг 63 фоиздан кўпроғи қатнашгани айтилаëтган якшанба кунги сайлов натижасида “Ягона Россия” думадаги 450 ўриннинг тахминан 306 тасини эгаллади. Думада 301 ўринни эгаллаган партия эса конституциявий кўпчиликни ташкил этади ва бу “Ягона Россия”нинг исталган пайтда конституцияга ўзгартиш киритиш ҳуқуқини қўлга киритганини англатади. В.Путинни 2008 йил мартида бўлиб ўтадиган президент сайловидан сўнг ҳам ҳокимиятда олиб қолиш учун “Ягона Россия” эндиликда конституцияга ўзгартиш киритиши мумкин.

Сайловдан сўнг Россияда юзага келган сиëсий вазиятни шарҳлаëтган аксар мустақил кузатувчилар бундан буён мамлакатни “Ягона Россия”, аниқроғи унинг етакчиси В.Путин бошқаришда давом этажаги, бош вазир ва 2008 йилнинг 2 мартида сайланадиган янги президент эса совет давридаги каби ҳукмрон партия лидери буйруғи бўйича иш кўражагини айтмоқда.

Давлат думасига сайлана олмаган мухолифатдаги “Ўнг кучлар иттифоқи” етакчиси Борис Надеждин ҳам Россияда қайтадан бир партиявий тузум қарор топганини билдирди.

“Шубҳа йўқки, бу сайловдан сўнг мамлакат ўзгарди ва у Совет Иттифоқи даврига қайтди. Бундан сўнг Россияни парламент ëки янги сайланадиган президент эмас, балки “Ягона Россия” партияси бошқаради”,- деди Б.Надеждин.

Коммунистлар раҳбари Геннадий Зюганов эса дума сайловини Совет Иттифоқи қулагандан бери Россияда кузатилган энг қонунсиз сайлов, дея баҳолади.

Сайлов қандай ўтгани ҳақидаги саволларга жавоб берган айрим россиялик ўқитувчи ва врачлар ўзлари тепадан тушган буйруқ асосида “Ягона Россия” партияси учун овоз берганини айтди. Бошқалар эса аллақачон “Ягона Россия” учун овоз берилган варақаларни қутига ташлашга мажбур қилинганини билдирмоқда.

Сайловларни кузатиш бўйича Европадаги энг нуфузли тизим ҳисобланмиш ЕХҲТ ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси бу сайловга кузатувчиларини юбормади.

ЕХҲТ парламент ассамблеяси ва Европа кенгаши делегацияси эса сайлов адолатли ўтмагани, демократик сайлов мажбурият ва стандартларига жавоб бера олмаганини қайд этди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг сайловни кузатган делегациясига раҳбарлик қилган ташкилот бош котиби ўринбосари Гао Юшенг эса сайлов очиқ, адолатли ва эркин ўтгани ҳақида баëнот берди.

“Дунëда демократиянинг ягона мезони йўқ ва демократияни импорт қилиш, ундан нусха кўчириш ëки сотиб олиш мумкин эмас. Россия мамлакатдаги вазиятга монанд бўлган ўз демократик йўлидан бормоқда”,- деди Гао Юшенг.
XS
SM
MD
LG