Линклар

logo-print

Милиционерлар журналистни калтаклагани одобсизликка йўйилди

  • Гулнора Равшан

“Тожикистон” газетаси муҳаррири Маҳмадали Мақсадулло ўзбекистонлик фуқаро содир этган серияли қотилликларда Душанбенинг Фирдавсий тумани ички ишлар бўлими ходимларини айблаб мақола ёзгани учун калтакланди.

Маълум бўлишича, Душанбеда октябрь ойида бўлиб ўтган саммитлар ҳақида мақола тайёрлаш истагида бўлган журналист йўлни кесиб ўтаётганида милиция ходими томонидан тўхтатилган. Милиционер уни ҳеч қандай сабабсиз ҳақоратлай бошлаган. Бироз тортишувдан сўнг эса милиция ходимлари Назар Саидов ва Нарзулло Каримов журналистнинг икки қўлини қайириб, хизмат машинасига тиққан.

“Улар мени Фирдавсий тумани ички ишлар бўлимига олиб боришини айтди. Аммо ИИБ ёнидан ўтиб, шаҳар четидаги ташландиқ бир бинога олиб борди. Машинадан тушириб аввал турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлашди. Сўнг бир неча мушт туширишди. Милиция лейтинанти Назар Саидов мени қўллари билан бўғди”,- дейди Маҳмадали Мақсадулло.

Сўнгги икки йил мобайнида Душанбеда серияли қотилликлар содир этган ўзбекистонлик фуқаро Шерали Эргашев яқинда суд томонидан ўз қилмишига яраша жазо олганди. Журналист жиноятчининг қилмишлари ҳақида ёзган “Енг ичидаги илон” мақоласида Фирдавсий тумани ИИБ ходимларини айблаган эди.

“Бу мақоламда Фирдавсий тумани ИИБ ходимлари ўзбекистонлик қотил билан ҳатто ҳамтовоқ эканини далиллар билан исботлаб берганман. Бу эса ИИБ ходимларининг ғазабини келтирди. Шунинг учун улар менга анча вақтдан бери тузоқ ташлаб қўйган эди”,- дейди М.Мақсадулло.

Икки милиция ходими томонидан калтакланган журналист бу ҳақда Тожикистон Бош прокуратурасига шикоят аризаси билан мурожаат этди. Бироқ прокуратура бу воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилди.

Бош прокуратура терговчиси Юсуф Юсуфзоданинг айтишича, бу воқеа журналистнинг касбий фаолиятига боғлиқ эмас, балки икки шахснинг ўзаро жанжалидир.

“Октябрдаги саммитлар вақтида расмий меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бўлган милиция ходимлари йўлни тартибсиз кесиб ўтган М.Мақсадуллога қўпол муносабатда бўлиб, одоб меъёрларини бузган, холос. Бу ерда жиноят аломатлари борлиги исботланмади. Шунинг учун биз жиноят иши очмадик. Лекин ўз вазифасини бажариш вақтида одобсизлик қилган милиция ходимларига маъмурий жазо қўлланиши ҳақида Душанбе шаҳри ички ишлар бошқармаси бошлиғига талабнома йўлладик”,- деди терговчи.

Прокуратура терговчиси ҳам, жабрдийда журналист ҳам шу кунга қадар Душанбе шаҳри ИИБ раҳбарияти муштумзўр милиционерларга нисбатан чора кўрмаганини билдирди.

Тожикистон журналистлари миллий уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев Душанбе шаҳри ИИБ раҳбарияти лоқайдлигини танқид қилди. У Душанбеда бўлиб ўтаётган турли сиёсий тадбирлар чоғида журналистлар ва милиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар юз бераётганидан ташвиш билдирди.

“Аслида М.Мақсадулло иши юзасидан жиноят иши очилиши керак эди. Аммо бугунги кунгача бу борада бирор иш қилингани йўқ. Биз яқин кунларда Тожикистон Ички ишлар вазирлигига баёнот йўллаб, бу ҳодиса қайта кўриб чиқилишини, журналистни калтаклаган милиция ходимлари қонун доирасида жазо олишини талаб қиламиз”,- деди Н.Қаршибоев.
XS
SM
MD
LG