Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:29

15 исёнчидан фақат бири жазо олди, қолгани...


Исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев гуруҳининг Ўзбекистон ҳудудида қўлга олиниб, жорий йил июлда Тожикистонга топширилган 15 собиқ жангчисидан фақат биттаси - Раҳим Меликов қамоқ жазоси олди.

Расмий манбалардан олинган маълумотларга кўра, шу пайтгача Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси вақтинчалик сақлаш изоляторида ҳибсда бўлган Р.Меликовнинг 14 шериги устидан тергов ниҳоясига етказилмаган ва улар қўйиб юборилган.

Р.Меликовнинг эса М.Худойбердиевнинг қўмондонларидан бири Субҳон Мирзоев гуруҳига аъзо бўлгани ва у содир этган қотилликларга шерик экани исботлангани айтилди.

“Р.Меликов С.Мирзоев қатл этган шахс жасадини Ҳисор туманининг Олмоси қишлоғидаги жарликка улоқтирган. Ўзбекистонга қочиб кетган Р.Меликов қидирувда бўлган. Ўзбекистоннинг Денов тумани ҳудудида қўлга олингач, у жорий йил июлда Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларига топширилган эди”,- деди суд жараёнига раислик қилган Олий суд судьяси Анвар Аҳмедов.

Суд Р.Меликовга 13 йиллик қамоқ жазоси тайинлади. Аммо мамлакатда амал қилаётган амнистияга кўра, бу жазо муддати 8,5 йилга туширилди.

Судланувчининг рафиқаси Раъно Назарова суд ҳукмидан рози эмаслигини таъкидлади.

“Судда қатнашган 20 гувоҳдан бирортаси Раҳимнинг қотиллик содир этгани ёки Субҳон ўлдирган шахслар жасадини беркитганини тасдиқламади. Унинг айбдор экани исботланмади. Шунга қарамай, оғир жазо белгиланди. Ундан ташқари, Раҳимнинг соғлиғи жуда ёмон ва фақат дори-дармонга қарам бўлиб қолган. Суд бу ҳолатларнинг бирортасини инобатга олмади”,- деди Раъно Назарова.

Р.Назарова Ўзбекистондан Тожикистонга экстрадиция қилинган 15 шахсдан фақат эригина айбдор топилгани ажабланарли эканини билдирди.

Шу ўринда эслатиш жоиз, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси исёнчи полковник М.Худойбердиев гуруҳи вакиллари Ўзбекистондан экстрадиция қилинганини ҳамон инкор этишда давом этаётир.
XS
SM
MD
LG