Линклар

logo-print

Улуғбек Ҳайдаров ҳаётига таҳдид янада кучайди


Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти мамлакатда қочқин сифатида яшаётган ўзбек журналисти Улуғбек Ҳайдаровнинг ҳаётига таҳдид янада кучайганидан хавотир билдирмоқда.

Қозоғистонда У.Ҳайдаров ҳаётига илк таҳдид бундан бир неча ой муқаддам кузатилган эди. Ўшанда Олмаота шаҳрида У.Ҳайдаровнинг изига тушган икки ўзбек йигити Жанубий Қозоғистонга келгач, журналистга куч ишлатиб, уни машинага тиқиб, олиб кетишга уринган эди. Аммо воқеа жойига етиб келган журналистнинг дўстлари бу номаълум йигитларнинг режасини чиппакка чиқарганди.

Ҳозир У.Ҳайдаров Қозоғистондаги яшаш жойи, мобиль телефони рақамини ўзгартириб, номаълум манзилда яшириниб яшашга мажбур бўлмоқда. “Озодлик” мухбири билан алоқага чиққан журналист Қозоғистонда ҳам касбий фаолиятини давом эттириб, мақолалар ёзишда давом этаётгани билдирди.

“Мен ҳамкорлик қилаётган маҳаллий газета таҳририяти олдида ҳам кузатиш бошланиб, атрофда турли машиналар пайдо бўляпти. Ҳатто газета раҳбари мени бу ерга яқинлаштирмаслик кераклиги, яна бирор киши Алишер (Соипов – Ўшда отиб кетилган ўзбек журналисти) сингари отилиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантиришган. Яқинда мени яна сўраб келишибди. Ўзларини менинг ўртоқларим сифатида таништиришибди”,- деди У.Ҳайдаров.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, эски телефон рақамига кимлардир телефон қилиб, учрашишни таклиф этган. Улуғбекни ўзларига дўстлари тавсия этганини баҳона қилган. Лекин журналист суриштиргач, бирор дўсти ёки яқини унинг олдига одам юбормагани маълум бўлган.

Яқинда Олмаотада ўзбек қочқини Хуршид Шамсуддиновнинг бедарак ғойиб бўлишида ҳам шунга ўхшаш ҳолат мавжуд. Хуршид ғойиб бўлишидан бир неча кун олдин Тошкентдаги онасидан СМС олган. Онаси махсус хизматлар уни юртга қайтариб, ҳибсга олиш учун дўстлари ёки яқинларидан фойдаланмоқчи экани тўғрисида огоҳлантирган.

Қочқинликдаги ўзбекистонликларни юртига қайтаришнинг бундай услубида бир киши, аниқроғи бир ташкилот ходимларининг қўли бордек туюлади.

Ҳаётига таҳдид яққол кўриниб қолганидан сўнг У.Ҳайдаров Қозоғистоннинг бир ҳудудидан бошқа ҳудудига кўчиб ўтиб, доимий равишда яшириниб юришга мажбур бўлмоқда.

Аммо Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина ўзбек журналисти Қозоғистоннинг қай бурчагида бўлмасин, унинг бу давлатда қолиши ўта хавотирли эканини билдирди.

“Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан дўстона муносабати ва бир-бирига кўрсатаётган кўмаги ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун У.Ҳайдаров ҳаётига таҳдид кучайгани сабабли биз унинг тезда учинчи давлатга чиқариб юборилишини сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат қиляпмиз”,- деди Р.Таукина.

Ўзбекистонда президент сайлови яқинлашгани сари Қозоғистонда яшаётган, ўзгача фикрлагани ёки диний мотивлар асосида таъқиб қилингани сабабли юртини тарк этган ўзбекистонликлар ҳаётига таҳдид кучайгани кузатилмоқда. Шу боис, улар қўшимча эҳтиёт чораларини кўришга мажбур бўлаётир. Улар тез-тез яшаш жойлари, мобил телефонлари рақамларини ўзгартирмоқда, ҳатто яшаётган уйларидан остона ҳатлаб ташқарига чиқишга чўчиб қолганлари ҳам бор.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистон махсус хизматлари ходимларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан яқин ҳамкорлик қилаётгани Қозоғистон ҳудудидаги ўзбек қочқинлари ҳимоясини тўлиқ таъминлашга имкон бермаётганини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG