Линклар

АҚШ разведкаси Жорж Буш сиёсатини шубҳа остига қўйди

  • Ҳасанжон

АҚШ Миллий разведка кенгаши Эрон халқаро ҳамжамият босими остида 2003 йилдаёқ ядровий қурол яратиш дастурини тўхтатгани тўғрисидаги ҳисоботини тақдим қилди.

Американинг 16 та разведка идораси фаолиятини мувофиқлаштирувчи Миллий разведка кенгаши 2005 йилда Эрон ўзининг ядровий қуроллар дастурини амалга оширишга уринаётгани ишонч билан маълум қилган эди.

Орадан икки йил ўтиб, айни ташкилотнинг бутунлай тескари хулосаси АҚШ ташқи сиёсати ва халқаро майдондаги вазиятга таъсир этиши, шубҳасиз.

Эрон ядровий қуролга эга бўлишга интилаётганини ишонч билан таъкидлаб келган АҚШ разведка хизматлари ўз қарашини ўзгартиргани сабаби нимада?

Лондондаги Стратегик тадқиқотлар халқаро институтининг оммавий қирғин қуролларини тарқалмаслик дастури раҳбари Марк Фицпатрик “Озодлик”ка берган интервьюсида буни қуйидагича изоҳлади:

“Разведка хизматлари ядровий қуроллар дастури ҳақида маълумот топиш учун анча вақт сарфлаб келмоқда. Улар қўлида Эроннинг 2004 йилда АҚШга қочиб борган фуқароси компьютери бор. Унда Эроннинг ядровий қуроллар дастури ҳақидаги режа лойиҳаси мавжуд. Аммо у 2003 йилга таллуқли, холос. Эрон уни амалга оширган ёки оширмагани маълум эмас. Аввалги ҳисоботлар, асосан, мана шундай режалар, бошқа далиллар, шунингдек, дастурга ҳарбийларнинг жуда кўп аралашувига таяниб чиқарилган эди. 2003 йилдан кейин на ҳарбийлар аралашуви ва на қуроллар дастури ҳақида режалар топилди”.

АҚШ разведка хизматлари хулосаси эълон қилинганига қарамай, Эроннинг уранни бойитиш ишларини давом эттираётгани Атом энергияси халқаро агентлиги ва Ғарб давлатларини ташвишга солмоқда.

Баъзилар Эрон 2003 йилда ядро қуроллари дастурини тўхтатгани аҳамиятга эга эмас, чунки Эрон уранни бойитишнинг уддасидан чиққан заҳоти Теҳрон раҳбарлари истаган пайтда дастурни қайта амалга оширишга киришиши мумкин, деган фикрда. Улар Эрон қанотли ракеталарни такомиллаштириш ва узоқ масофага учадиган ракеталар яратиш ишларини давом эттираётганини эътибордан қочираётгани йўқ.

Марк Фицпатрик эса Теҳрон ҳақиқатан ҳам ядровий қуроллар дастурини 2003 йилда тўхтатган бўлса, бойитилган уранни қўлга киритса ҳам ва уни нишонга элтувчи ракетага эга бўлса ҳам анча муддат дастурни қайта жонлантира олмаслигини айтади. Чунки ҳақиқий ядровий каллак яратиш ва уни ракетага ўрнатиш учун кўп йиллар давомида тинимсиз мураккаб иш олиб бориш керак бўлади.

“Агар ичкарига йўналган портлаш ҳосил қилувчи мураккаб қурилма ўрнатилган қанотли ракетага эга бўлсангиз ҳам бойитилган уранни катта босим остида сиқиб, жуда кичик ҳолатга келтириб, уни ракета учига жойлаштириш ниҳоятда мураккаб ва оғир вазифа. АҚШ разведка хизматлари айнан шу иш 2003 йилда тўхтатилган, деган хулосага келди”, – дейди британиялик таҳлилчи.

АҚШ разведка хизматлари ҳисоботига халқаро ҳамжамият ижобий муносабат билдирмоқда.

Россия президенти Владимир Путин 4 декабрь куни Эроннинг ядровий дастур бўйича бош музокарачиси Саид Жалилий билан учрашув чоғида Теҳрон ўзининг ядровий фаолиятини шаффоф ҳолда Атом энергияси халқаро агентлиги назоратида амалга ошириши кераклигини билдирди.

Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей АҚШ разведка хизмати эълон қилган ҳисобот Эроннинг ядровий дастури борасида юзага келган таранг вазиятни юмшатишини таъкидлади.

АҚШ разведка хизмати ҳисоботини Эрон расмийлари ҳам олқишлади. Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий АҚШ Эронга бўлган қарашларини ўзгартираётганидан мамнун эканини изҳор этди.

Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт эса Эрон ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG