Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:27

Намозхонлар имомни айблаб балога қолди


Гулистонлик имомни порахўрликда айблаб, унинг устидан арз қилган бир гуруҳ намозхонлар туҳматчиликда айбланди, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилган жамоатчи ҳимоячи Карим Бозорбоев эса қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Гулистонлик диндорларнинг жомеъ масжиди имоми устидан қилган арзи охир-оқибатда судгача бориб етди. 30 ноябрь куни Сирдарё вилояти жиноят ишлари суди арзгўйларнинг ўзини айбдор топди. Порахўрликда айбланган Гулистон жомеъ масжиди имоми эса жабрдийда бўлиб чиқди. Намозхонлар суднинг бу қароридан мутлақо норози.

“Шахсан мен имомнинг пора олгани, намозхонлардан ҳожи бадал учун йиғиб олинган пулларга сохта ҳужжат олганига гувоҳман. Лекин кўрсатмаларим инобатга олинмади. Бошқа шикоятчиларнинг арзлари ҳам беэътибор қолдирилди. Бизда ҳамма ҳужжатлар бор”,- дейди намозхонлардан бири.

Гулистон жомеъ масжиди имоми устидан шу тахлит арз қилган намозхонлар рўйхатида юздан ортиқ имзо бор. Уларнинг турли босқичдаги ҳуқуқ-тартибот идораларига ёзган аризалари охири судгача етди-ю, аммо суд улардан бир нечасини, жумладан, Орифҳожи Усмоновни туҳматчиликда айбдор, деб топди.

“Назаримда, суд фақатгина Карим Бозорбоевни қамаш ҳаракатида бўлди. Улар мавжуд тартиб-қоидаларига умуман амал қилмади, қонунни қўпол равишда бузди. Бирорта кўрсатма, ҳужжатларимиз инобатга олинмади. Биз энди Олий судга мурожаат қилмоқчимиз. Порахўр имомдан қутулмоқчи бўлган эдик, аммо ўзимиз туҳматчига чиқдик”,- дейди Орифҳожи Усмонов.

У билан бирга суд курсисида ўтирган ва бунга қадар шу намозхонларнинг жамоатчи ҳимоячиси бўлган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси, собиқ фермер Карим Бозорбоев бу иш бўйича энг оғир жазони олди. Унга 3,5 йиллик қамоқ жазоси берилди.

“Аслида бутун жиноят иши бошдан-оёқ К.Бозорбоевга қарши қаратилган эди. К.Бозорбоевни 3,5 йилга қамаш билан бирга унга уч миллион 730 минг сўмлик жарима ҳам солингани ҳуқуқ ҳимоячисини синдиришнинг Ўзбекистонда кенг қўлланилаётган услуби эканини яна бир бор тасдиқлади”,-дейди “Эзгулик”нинг Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроилжон Ризаев.

К.Бозорбоев туҳмат қилиш, давлат мулкини ўзлаштириш, мансаб ваколатини суииъстемол қилиш, пора олиш, пора беришда айбдор топилди. Бу билан Сирдарё вилоятида туҳматчиликда айбланиб қамалган ҳуқуқ ҳимоячилари сони учтага етди. Ўзбекистонда шу каби айблар билан темир панжара ортига ташланган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сони айрим мустақил манбаларда 15 нафар, бошқаларида эса 24 нафар экани айтилади.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакилласи Андреа Берг ташкилот 13 та ҳуқуқ ҳимоячиси ва бир журналист қамоқда экани тўғрисида маълумотга эга эканини билдирди.

“Энди эса улар сони 15 тага етди. Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун курашган шахсларни туҳматчилик, порахўрлик, безориликда айблаб қамаш ҳоллари 2005 йилги Андижон воқеаларидан буён кенг кўламда кузатилмоқда. Биз Ўзбекистон ҳукуматини кўп вақтдан буён қамоқда қолаётган ҳуқуқ ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева, Саиджаҳон Зайнобиддинов, Алишер Кароматов, Аъзамжон Фармонов, Мамаражаб Назаров, Жамшид Каримов ва бошқаларни қамоқдан озод қилишга чақириб келамиз”,- деди ҲРУ вакиласи.
XS
SM
MD
LG