Линклар

Улуғбекнинг қўлидаги ҳужжат унга таъқиб кучайишига сабаб бўляпти


Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонлик қочқин журналист Улуғбек Ҳайдаров ўзининг ўзбек махсус хизматлари томонидан таъқиб қилиниши кучайганига мамлакатда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини исботловчи ҳужжат қўлига келиб тушгани сабаб эканини билдирмоқда.

У.Ҳайдаровнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, мазкур ҳужжат, аниқроғи Ғаллаорол туманидаги ижтимоий-иқтисодий коллеж директори Равшановнинг туман прокурори Улуғбек Ражабовга хати унга Ўзбекистон расмий доираларидан келиб тушган. Бу хатнинг нусхаси туман ҳокимига ҳам жўнатилган. Коллеж директори бу хатда ўз талабаларидан 9 нафари пахта теримига чиқмагани сабабли туман прокуроридан уларга чора кўришни сўраган.

“Гарчи ҳукумат Ўзбекистонда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини буткул инкор этаётган бўлса-да, бу ҳужжат уларни тўла фош этади. Ўз болаларини пахтага юборишдан бош тортган ота-оналар ҳатто босимга учрамоқда. Буни менга ота-оналарнинг ўзлари айтиб берди”,- деди У.Ҳайдаров.

Унинг таъкидлашича, ота-оналар пахтага чиққан фарзандлари эски шийпонда ётгани, уларнинг овқати ёвғон шўрвадан иборат бўлгани, ҳатто бемор талабалар олдида ҳамшира ҳам бўлмаганини билдирган.

“Болалар эрталаб бир пиёла чой ичиб, далага чиқиб кетган. Оғир шароитдан улар ҳатто ҳушидан кетган ҳолатлар ҳам бўлган. Ўқитувчилар далага ҳамширани чақиртирса ҳам тиббий ёрдам етиб келмаган. Болаларимиз шундай даҳшатли ҳолатларда ишлаяпти”,- дейди У.Ҳайдаров.

У.Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, мазкур ҳолатлар ҳақидаги ҳужжат қўлига келиб тушгандан сўнг у журналистик текширув ўтказиб, унинг натижаларини ОАВда эълон қилган. Шундан сўнг Қозоғистонда уни таъқиб қилиш янада кучайиб кетган.
XS
SM
MD
LG