Линклар

logo-print

Яна Ўзбекистон айбдорми?

  • Гулнора Равшан

Осиё тараққиёт банкининг Тожикистондаги янги вакили Макото Ожира мамлакатнинг энергетик лойиҳалари амалга ошмай қолаётганига қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистон билан салбий муносабатлар сабаб эканини билдирди.

“Тожикистон гидроэнергетик захираларга бой давлат. Билишимча, гидроэнергетик иншоотлар қурилишига доир лойиҳалар бир неча хорижий давлатга, жумладан, бизга ҳам тақдим этилган. Айни пайтда ОТБ бу таклифларни ўрганмоқда. Биз Тожикистон ҳукуматига электр энергиясига оид муаммоларни ҳал қилишда кўмаклашиш йўлларини қидирмоқдамиз. Аммо Тожикистоннинг қўшнилари, жумладан, Ўзбекистон билан мавжуд сиёсий муносабатлари кўп ҳолларда режалар амалга оширилишига тўсиқ бўлмоқда”,- деди М.Ожира.

ОТБ вакили Роғун ҳамда Зарафшон дарёсида қурилиши мўлжалланган 13 та кичик ГЭСга оид лойиҳаларни сўзларига далил сифатида келтирди.

Айни пайтда ОТБ Тожикистондаги энергетик тизимларни қайта тиклаш лойиҳаларидагина иштирок этмоқда. Жумладан, Хатлон вилоятидаги подстанциялар ва энергетик тизимларни қайта жиҳозлаш ишларида иштирок этмоқда.

“Барқи тожик” очиқ акциядорлик компанияси бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гуловнинг айтишича, ОТБ Зарафшон ёки Роғун ГЭСларига оид лойиҳаларда қатнашиш истагини билдирганича йўқ.

Жорий йил бошида “Барқи тожик” Хитойнинг “Синаҳидро” ширкати билан Зарафшон дарёсида 13 та кичик ГЭС қурилишига оид шартнома имзолаган эди. Бироқ кўп ўтмай Хитой томони ниятидан қайтди. Хитойликлар тожиклар трансчегара сувидан фойдаланиш муаммосини ҳал этмагунча, бу лойиҳани амалга оширишга киришмаслигини маълум қилганди.

Кўп ўтмай томонлар Зарафшон ГЭСи қурилиши атрофидаги можароларга нуқта қўйиш мақсадида Тошкентда учрашди. Ўзбекистон ушбу лойиҳа холис экспертлар томонидан ўрганиб чиқилиши таклифини киритди.

Р.Гулов айни пайтда мазкур масала юзасидан Тожикистон ҳукумати комиссияси ҳужжат тайёрлаётгани, унга кўра, бу лойиҳани экспертизадан ўтказиш Ислом тараққиёт банкига топширилиши мумкинлигини билдирди.

Қайд этиш жоизки, ОТБ келгуси йилда Тожикистондаги барча энергетик тизимларни халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида мамлакатга 26 миллион доллар миқдорида сармоя ётқизмоқчи.
XS
SM
MD
LG