Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:53

Носир Зокир балога қоладиганга ўхшаб турибди


Қирғизистон милицияси журналист Алишер Соиповнинг ўлимига Ўзбекистон махсус хизматларининг алоқаси борлиги эҳтимолини назардан соқит қилмаяпти.

Бу таҳририяти Қирғизистонда жойлашган “24 kg” сайтида 5 декабрь куни эрталаб пайдо бўлган бир хабарнинг сарлавҳасидир.

Ушбу материалнинг сўнгги абзацида гап ўзбекистонлик Носир Зокир деган журналист ҳақида боради. Хабар муаллифига кўра, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ихтиёрида А.Соиповнинг қотиллари кимлигини Носир Зокир билиши тўғрисида маълумот бор ва у бу ҳақда журналистларга айтишга тайёрдир.

“Носир Зокирнинг гўёки Ўзбекистон президентига қарши аксилконституциявий чиқиш қилгани учун судлангани, шундан сўнг чегарадош республика хавфсизлик хизмати томонидан ёллангани маълум бўлди. Ундан гўёки ўзгача фикрловчиларни ушлаш учун фойдаланилади ва унинг ёрдамида шу пайтгача бир неча киши ҳибсга олинган”,- дейилади хабарда.

Қизиғи шундаки, Носир Зокир деган журналист тўғрисида шунча гапни биладиган ИИВ шу кунда унинг шахсини аниқлаш билан банд эмиш. Қирғизистон милицияси шу кунда Носир Зокирнинг Алишер Соиповнинг ўлимига алоқаси бор-йўқлигини ўрганаётган эмиш.

ИИВ қайси Носир Зокирни назарда тутаётгани бизга қоронғу. Лекин “Озодлик”нинг ҳам Носир Зокир деган собиқ мухбири бўлгани учун юқоридаги маълумотларни чуқурроқ ўрганишга уриниб кўрдик.

Аввало хабар муаллифи, бишкеклик журналист Дониёр Каримов билан боғландик. У Носир Зокир билан боғлиқ ахборотни Қирғизистон ИИВдаги ўз манбасидан олганини айтди.

5 декабрь куни эса А.Соиповнинг ўлими юзасидан тергов олиб бораётган Қирғизистон ИИВнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш минтақавий бошқармаси матбуот анжумани ўтказди.

“Носир Зокир деган одам тўғрисида ҳеч нарса билмайман, у киши ҳақда биринчи марта сиздан эшитяпман”,- деди бошқарма терговчиси “Озодлик” билан суҳбатда.

Носир Зокирнинг ўзи эса бундай бўҳтонларга, афсуски, ўрганиб қолганини билдирди.

“Кўпчилик яхши билади, Ўзбекистондаям илгаридан махсус уюштирилган ҳолатда Ўзбекистон ТВси орқали, бошқа расмий ОАВ орқали менга, хусусан, ўғлимга қарши шунга ўхшаган ҳар хил туҳматлар бўлган. Сиз айтаётган хабар эса бутунлай ёлғон. Алишер Соиповни мен жуда яхши билардим. Унинг ўлими кўпчилик журналистлар қатори мени ҳам ларзага солган”,- деди Носир Зокир.

Марҳум Алишер Соипов билан сўнгги кунларда бирга бўлган журналист Шоҳида Ёқуб ҳам бу хабарга ўз муносабатини билдирди.

“Менимча, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари А.Соиповни Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ўлдиртирганини аниқ билади. Лекин қирғиз милицияси барибир тергов ўтказиши, ишни ёпиши керак. Шунинг учун зудлик билан қандайдир бир шахсни топиши керак. Қотилликда “Ҳизб ут-таҳрир”ни, Ўзбекистон исломий ҳаракатини айблай олмайди. Менимча, ҳозир уларнинг асосий эътибори Носир Зокирга қаратилган, чунки Носир ака ўша куни (Алишер ўлдирилган кун) Ўшда учрашган эди. Буни Қирғизистон хавфсизлик хизмати, ИИВ яхши билади. Энди бирор киши айбдор бўлиши керак ва шунинг учун бутун эътибор Носир Зокирга қаратиляпти. Улар жуда қийин аҳволда. Улар ҳақиқатни билади. Буни яхши биламан. Чунки мениям манбаларим бор”,- деди Шоҳида Ёқуб.

Унинг таъкидлашича, воқеалар ривожи Носир Зокир учун жуда даҳшатли бўлиши ойдинлашяпти.

“Албатта, Носир Зокирнинг ҳаёти ҳозир катта таҳлика остида. У Ўзбекистон ҳукумати томонидан бир неча марта қатағон қилинган. Шунинг учун шахсан мен унинг тақдиридан катта ташвишдаман”,- деди Шоҳида Ёқуб.
XS
SM
MD
LG