Линклар

logo-print

Экологияга оид хабарлар


Франциянинг Атроф-муҳит вазирлиги янги йилда амалга жорий қилинадиган “яшил солиқ” тизими ҳақида маълумот эълон қилди. Бу глобал иқлим исишига қарши Францияда атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини камайтиришга қаратилган ҳукумат дастурининг бир қисми ҳисобланади.

“Яшил солиқ” тизимига кўра, 1 январдан бошлаб бир километр масофа юрганда ҳавога 160 граммдан кўп ис гази чиқарадиган янги автомобиль сотиб олган фуқаро 2600 еврогача жарима тўлайди. Бир километр юрганда ҳавога 166 граммдан кўп ис гази чиқарадиган автомобилга 200 евродан 750 еврогача жарима белгиланган. Ҳар километрда ҳавога 200 граммдан кўп зарарли газ чиқарадиган автомобиль эгалари эса 1600 еврогача жарима тўлайди.

Атроф-муҳитга кам зарар етказадиган автомобиль сотиб олганлар эса тақдирланади. Хусусан, бир километр масофа юрганда ҳавога 120 граммдан кам ис гази чиқарадиган автомобил эгаларига 700 еврогача мукофот берилади. Бир километр юрганда 60 граммдан кам зарарли газ чиқарувчи электр автомобиль сотиб олган фуқароларга эса ҳукумат беш минг еврогача олий мукофот пулини тўлайди.

*** *** ***

Хитой шарқидаги мамлакатдаги энг йирик ичимлик сув захираси ҳисобланган Поянг кўлида сув сатҳи рекорд даражада пасайди. Ўз навбатида бу Жиангси вилоятидаги корхоналарда сув тақчиллиги юзага келишига сабаб бўлди.

“Синхуа” ахборот агентлигининг маҳаллий метеорология ташкилоти маълумотига асосланиб хабар қилишича, сентябрь ойи ўртасидан бери Поянг кўли жойлашган Жиангси вилоятида ёғингарчилик меъёрдан 77 фоиз кам бўлган. Бу 1960 йилдан бери кузатилган энг ёмон қурғоқчилик экани айтилмоқда. Айни пайтда чорак асрдан бери саноат шиддат билан ривожланиб бораётган Хитойдаги корхоналарнинг дарё ва кўл сувларини таҳликали даражада ифлослантиргани вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

*** *** ***

8 декабрь иқлим ўзгаришига қарши кураш халқаро кунидир. Шу муносабат билан халқаро ташкилотлар дунё бўйлаб намойишлар ўтказишни режалаштирган.

Иқлим ўзгариши борасида Индонезияда БМТ шафелигида ўтаётган йирик анжуман ишини кузатаётган “Гринпис” вакили Агнес Здеройг “Озодлик”ка интервью бериб: “Шуни таъкидлаш жоизки, “Гринпис” дунё бўйлаб ўтказиладиган тадбирлар ташкилотлардан бири. Бу кўплаб нодавлат ташкилотлар, якка шахслар, кўнгиллилар ва бошқалар ташаббуси билан ўтказилади. Намойишлар ўтказиш орқали одамлар глобал иқлим ўзгаришига бефарқ эмаслиги сиёсатчиларга билдиришни хоҳлайди”, – деди.

Дунёнинг 84 давлатида 8 декабр куни ўтказилиши режалаштирилган намойишларда миллионлаб фуқаро иштирок этиши кутилмоқда.

*** *** ***

Индонезиянинг Бали шаҳрида 3-14 декабрь кунлари БМТ шафелигида бўлиб ўтадиган глобал иқлим ўзгариши мавзуидаги йирик халқаро анжуманда қарийб 190 давлатнинг 10 мингдан зиёд вакили қатнашмоқда.

БМТ Атроф-муҳит дастури матбуот котиби Ник Наттал Озодлик мухбири билан суҳбатда анжуманда бир неча муҳим масала муҳокама этилаётганини айтди. Биринчи масала 2012 йилга келиб Киото протоколининг муддати тугаганидан сўнг ҳавога чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини қандай назорат қилиш бўйича келишувга эришиш.

“Иккинчи масала Африка, Осиё ва Лотин Америкасидаги ривожланаётган давлатлар иқтисодиётини ўзгараётган глобал иқлим шароитига мослаштириш масаласидир. Чунки бу давлатлар ўз иқтисодиёти, инфратузилмаси ва бошқа соҳаларни ҳозирги иқлим шароитига мослаштириши учун халқаро ҳамжамият томонидан уларга етарлича молиявий ёрдам берилмаяпти ”, – дейди БМТ расмийси.

Ник Натталнинг айтишича, Бали анжуманида атроф-муҳитга кам зарар етказувчи технологиялар, қайта тикланувчан муқобил энергия ва бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.

Анжуман арафасида БМТ Атроф-муҳит дастури глобал иқлим ўзгаришининг дунё минтақаларига таъсири ҳақида ҳисобот чиқарди. Унда қурғоқчилик ва бошқа табиий офатлар турли минтақа давлатлари иқтисодиётига аллақачон салбий таъсир эта бошлаганига мисоллар келтирилган. Глобал иқлим исиши Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонга қандан таъсир этиши мумкин, деган саволга Ник Наттал: “Глобал иқлим исиши Марказий Осиё республикаларида айниқса, сув таъминоти соҳасида муаммолар пайдо қилиши мумкинлиги хусусида жиддий хавотир бор. Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида дарё ва кўл сувлари кўпроқ буғланади. Бу эса ичимлик сув таъминоти ва қишлоқ хўжалик экинлари суғориладиган сув камайишига олиб келади. Шунингдек, Марказий Осиёдаги мангу музликлар тез суръатда эриб бораётгани ҳам хавотирга сабаб бўлмоқда. Бундай шароитда дастлаб дарёларда сув тўлиб оқади. Бироқ бир неча ўн йилдан сўнг, яъни мангу музликлар эриб тамом бўлганидан кейин йилнинг маълум ойлари давомида сув тақчиллиги юз беради”, – деди.

ЭКОСАН халқаро ташкилоти раҳбари Юсуф Шодиметов “Озодлик” мухбири билан аввалги суҳбатда глобал иқлим исиши оқибатида сув таъминоти минтақада биринчи муаммога айланиши мумкинлигини айтган эди.

“Глобал иқлим ўзгариши Марказий Осиёни четлаб ўтмайди. Масалан, Федченко музликларининг 45 фоизи эриб бўлган. 45 фоиз сув захираси иқлим таъсирида камайди. Бу келажакда бизга катта хавф туғилиши мумкинлигидан дарак беради. Бу бизни шунга қараб шароитга мослашиш, қўшимча сув захираларини қидириб топишга даъват қилади. Айниқса, олимлар ва бу борада қарор қабул қиладиганларнинг муаммога тезроқ эътибор қаратиши талаб этилади. Бу борада катта тадқиқотлар олиб бориляпти. Шуни таъкидлаш жоизки, ҳам тадқиқот, ҳам амалий ишлар тезлаштирилмаса, бизда бу муаммо бошқа минтақаларга қараганда тезроқ келиши мумкин ”, – деганди ЭКОСАН раҳбари.
XS
SM
MD
LG