Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:05

Юлия Тимошенко орзусига яқин турибди


Украина президенти Виктор Юшченко парламентга “зарғалдоқ инқилоб” пайтидаги иттифоқчиси Юлия Тимошенкони бош вазир этиб тайинлаш ҳақида таклиф киритди.

Юлия Тимошенко номзодини овозга қўйиш муддати ҳозирча белгилангани йўқ. Виктор Юшченко етакчилигидаги “Бизнинг Украина” ва Юлия Тимошенко бошчилигидаги ғарбпараст сиёсий блок 450 ўринли парламентда 228 ўринни эгаллаб, жуда оз фарқ билан кўпчиликни ташкил этган. Бироқ В.Юшченко раҳбарлик қилаётган партиянинг айрим депутатлар Юлия Тимошенко бош вазир лавозимига тайинланишига қарши чиқмоқда.

Кузатувчилар фикрича, Юлия Тимошенконинг бош вазир этиб тайинланиши Ғарб тарафдори бўлган президент ва россияпараст рақиби Виктор Янукович ўртасида узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган сиёсий курашга чек қўяди. Юшенко ва Янукович мамлакат НАТОга аъзо бўлиши керакми ёки Россияга эргашиши керакми, деган масалада тортишиб келмоқда. В.Янукович тарафдорлари Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши АҚШ таъсири кучайишига сабаб бўлишидан хавфсираётир.

Кузатувчилар президент ва Ю.Тимошенко сиёсий иттифоқ тузганига қарамай, улар ўртасидаги муносабат таранглигича қолаётганига урғу беряпти. Бунга Украинада 2010 ёки 2011 йилда ўтказиладиган сайловда Юлия Тимошенко президентликка ўз номзодини қўйиш ниятида экани сабаб бўлмоқда.

Украинадаги ахборот агентликлари хабарига кўра, Олий Рада Юлия Тимошенкони бош вазир этиб тайинлаш таклифини ҳафта охирида овозга қўйиши мумкин. Депутатлар бу масалани кўришдан олдин президентнинг ролини ошириш ва парламентга берилган айрим имтиёзларни камайтириш ҳақидаги таклифларни овозга қўйиши керак бўлади.

“Биз янги ҳукумат тузишдан аввал 12 та муҳим қонунни қабул қилишга келишиб олдик. Улар орасида парламент аъзоларига берилган имтиёзлар ва дахлсиз мақомини бекор қилиш, шунингдек, коррупция учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонунлар ҳам бор. Бу қонунларни қабул қилиш орқали биз, аввало, парламентда, сўнг аста-секин мамлакатда тартиб ўрнатишни хоҳлаймиз” – деди бош вазирликка номзод Юлия Тимошенко.
XS
SM
MD
LG