Линклар

Шоирнинг ўғли ҳибсга олинди

  • Абдулла Искандар

Ўзбек режими танқидчиси, шоир Юсуф Жуманинг ўғли Машраб тажовуз ва босқинчиликда айбланиб, Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Юсуф Жуманинг “Озодлик”ка айтишича, ўғли 4 декабрь куни пешиндан кейин ҳибсга олинган, лекин оила аъзолари бу ҳақда кечга бориб хабар топган.

“Ўғлим бозорда ушланиб, қўлига кишан солиб олиб кетилган. Лекин бу ҳақда бизга хабар берилмади. Ҳатто акалари ИИБга борганида ҳам ҳеч ким маълумот беришни истамади”,- деди Юсуф Жума.

Бухоро вилояти жиноят ишлари судининг исмини айтмаган ходими Машрабга нисбатан Бухоро прокуратураси жиноят иши қўзғаганини маълум қилди.

Юсуф Жума ўғли тажовуз ва босқинчиликда айбланаётгани, бироқ Қоракўл тумани ИИБ бошлиғи Усмон Ҳалимов Машрабнинг ҳибсга олиниш сабаблари ҳақида маълумот беришдан бош тортганини билдирди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари президент сайлови олдидан давлат раҳбари Ислом Каримов Бухорога келиб кетганидан сўнг Жумаевлар оиласига тазйиқлар кучайганини таъкидламоқда.

“Каримов режими Юсуф Жума каби таниқли шахсни ҳибсга олишдан ҳайиқади, шу боис, улар ўғлини қамоққа олди. Шу йўл билан режим Юсуф Жумани жазоламоқда”,- дейди муҳожиратда яшаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов.

Юсуф Жуманинг ўзи эса бутун оиласи билан Ислом Каримов сиёсатига қарши экани, Машраб ҳам аввалги қамалганида қамоқда кўрган-кечирганлари, қийноқ ва тазйиқлар ҳақида Интернетда мақолалар чоп этганини айтди.

Айни пайтда Юсуф Жумаевлар оиласи ўзларига нисбатан тазйиқлар борасида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига арз қилган. 6 декабрь куни эса шоир икки фарзандини олиб, Машрабнинг ҳибсга олинишига қарши норозилик пикети ўтказган.

Юсуф Жуманинг таъкидлашича, ўғли Машрабнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда. Унга давомли қийноқлар қўлланиляпти, оила аъзолари билан учрашувга ҳам йўл қўйилмаётир.
XS
SM
MD
LG