Линклар

logo-print

Имомали Раҳмоннинг фармони талабаларга ёқмаяпти

  • Гулнора Равшан

Тожикистон ҳукумати махсус комиссияси президент Имомали Раҳмоннинг олий ўқув юртларида талабаларнинг мобил телефондан фойдаланиш ва шахсий машинада ўқишга келишини тақиқлаш тўғрисидаги фармони ижросини ўрганди.

Жорий йил апрель ойида И.Раҳмон мамлакат таълим соҳасида мавжуд қатор муаммолардан ташвишда эканини билдириб, ёшлар билим савиясининг пасайиб кетишига, энг аввало, ота-оналарни айблаган эди. Фарзандига қиммат машина ва мобил телефон совға қилиб, “жамиятга салбий таъсир ўтказаётган” ота-оналар номларини радио ва телевидение орқали эълон қилишни топширганди ўшанда президент.

Душанбедаги олий ўқув юртларида президент фармони ижросини ўрганган ҳукумат махсус комиссияси аҳвол ўта қониқарсиз эканига гувоҳ бўлди.

Комиссия аъзоларидан бири, Ёшлар, спорт ва туризм давлат қўмитаси раҳбари Носир Бўриевнинг билдиришича, Тожикистон Миллий университетида президент фармони деярли бажарилмаётгани кузатилган.
Ўнлаб талабалар университетга ўз машинасида келаётгани, дарс вақтида мобил телефондан фойдаланаётгани аниқланган.

“Тожикистон Миллий университети, Садриддин Айний номидаги педагогика университети талабаларининг президент фармонини бажармаётгани ва улар билим савияси ўта паст даражада экани комиссия аъзоларини ташвишга солди. Яқин кунларда бу олий ўқув юртлари масъуллари ҳамда номи қора рўйхатга тушган талабаларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади”,- деди Носир Бўриев.

Қайд этиш жоизки, комиссия аъзолари олий ўқув юртларига ҳеч бир огоҳлантиришсиз тўсатдан кириб бориб, институт ва университетлар атрофидаги машиналар ва у кимга тегишли экани борасида маълумот йиққан.
Мазкур тадбирда ўнлаб талаба огоҳлантирилган ва уларнинг ота-оналари ҳукумат комиссияси номидан ҳайфсан олган.

Талаба ёшлар эса президент фармони ўзларининг ҳуқуқларини поймол этаётганини билдирмоқда.

“Шаҳарда транспорт масаласи жуда катта муаммо. Керакли транспортга ўтириб, университетгача бориш жуда қийин. Дарсларга улгурмаймиз. Бу фармон ҳуқуқларимизни чеклашдан ўзга нарса эмас”,- деди талабалардан бири.

Ҳукумат комиссияси президент фармони ижросидан ташқари, Таълим вазирлигининг талабалар учун ягона ўқув формаси жорий этиш ҳақидаги қарори бажарилишини ҳам ўрганди.

Тожик-славян университети талабаси Нигора сўзларига кўра, комиссия аъзолари ягона кийим кийиш қоидасига риоя қилмаган талабаларга жуда қўпол муносабатда бўлган.

“Университетимизга комиссия аъзолари келганида аксариятимиз турли либослар, жумладан, жинси шим кийган эдик. Улар бизни синф доскаси ёнида суратга олди ва суратларимиз газеталарда чоп этилишини, фармонга бўйсунмаётганимиз ҳақида президентни ҳам огоҳлантиришларини билдирди”,- деди Нигора.

Нигора ҳам бошқа талабалар каби ўз ҳуқуқлари поймол бўлаётганидан норозилигини изҳор этди.

Унинг айтишича, Россия қонунлари доирасида фаолият юритувчи Тожик-славян университети талабалари ҳамда домлалари бир қанча вақт муқаддам Россиянинг Тожикистондаги элчисига расмий мактуб йўллаб, ўз ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраган.

Аммо, маълум бўлишича, элчи шу вақтгача мактубга жавоб қайтармаган.
XS
SM
MD
LG