Линклар

Элчихонага сайловнинг қизиғи йўқдек


Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси бўлажак президент сайловида қатнашиш учун ўз фуқароларига шароит яратиш, хусусан, сайлов участкаларини ташкил этиш масаласида ҳамон сукут сақламоқда.

Ҳозир Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонликларнинг аксарияти 23 декабрь куни ўз юртида бўлиб ўтадиган президент сайловида қатнашиш ниятида эмаслигини айтаётган бўлса-да, шунга қарамай, элчихона ўз фуқаролари учун сайлов участкалари ташкил этиши кераклигини таъкидламоқда.

“Бу ҳам Ўзбекистон фуқароларининг чет элдаги ҳуқуқларини таъминлашнинг бир турига киради. Четдаги мингта фуқародан биттаси сайловда қатнашса ҳам у ўзи истаган одамга овоз бериш имкониятига эга бўлиши лозим”,- деди қўшни давлатда яшаётган ўзбекистонликлардан бири.

Ўзбекистондаги президент сайловига икки ҳафтадан сал кўп муддат қолди. Элчихона эса сайлов ҳақида ўз фуқароларига маълумотлар бериш масаласида бирор иш қилаётгани кўзга ташланаётгани йўқ.

“Озодлик” мухбири бу масала юзасидан Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилди. Бироқ бирор кишидан арзирли маълумот ола олмади.

Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонликлар эса элчихонанинг нафақат сайловга тайёргарлигидан, балки умумий фаолиятидан ҳам қониқмаётганини билдирмоқда.

“Қозоғистонда қонуний мигрантлардан ташқари қарийб 2 миллион ноқонуний меҳнат муҳожирлари бор. Уларнинг аксарияти эса ўзбеклардир. Улар орасида қул каби ишлатилаётганлари ҳам кам эмас. Лекин Ўзбекистон ўз фуқароларини ҳеч қандай ҳимоя қилаётгани йўқ. Элчихона бирор тадбир ўтказгани, одамларга ёрдам берганини эшитмаганман”,- деди қўшни давлатда яшаётган ўзбекистонликлардан бири.

Қозоғистонлик журналистлар ҳам Ўзбекистоннинг бу ердаги фаолияти, хусусан, президент сайловига муносабати ўта сустлиги ҳақида гапирмоқда. Чимкентлик мустақил журналист Навбаҳор Тожибоева Россия элчихонаси фаоллигини мисол қилиб келтирди.

“Россия элчихонаси яқинда бўлиб ўтган парламент сайлови олдидан бу ердаги журналистларни чақириб, улар билан маълумотлар алмашди. Ўзбекистон элчихонаси эса бунинг бутунлай тескарисини қилмоқда. Элчихонанинг бундай бефарқлигига сабаб эса сайлов натижаси, яъни Ислом Каримовнинг мутлақ ғолиб бўлиши ҳозирданоқ аниқлигидир”,- деди Н.Тожибоева.
XS
SM
MD
LG