Линклар

Ўзбекистондаги “Бирдамлик” ҳаракатининг қочқин сифатида Қозоғистонда яшаётган аъзолари мамлакат конституциясининг 15 йиллиги муносабати билан норозилик пикети ўтказди.

Ҳаракатнинг ўнга яқин аъзоси Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси олдида ўтказилган пикетда мамлакат конституциясига риоя этилишини талаб қилди.

Пикет қатнашчиларидан бири Юлдуз Жўраеванинг “Озодлик”ка айтишича, ҳозир Ўзбекистонда конституция талабларига риоя қилинмаяпти.

“Конституцияда президент икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Лекин Ислом Каримов учинчи муддатга ҳам президент бўлишни хоҳлаяпти. У шундай бой ва гўзал мамлакатни ва унинг халқини хор қилди. Унинг истеъфога чиқишини талаб қиламиз”,- деди Юлдуз Жўраева.

Пикет тинч ва тартибсизликларсиз бошланди. Бироқ пикетчилар конституцияга амал қилиниши ва И.Каримовнинг истеъфоси сўралган плакатларни ёзгандан сўнг элчихона хавфсизлик хизмати уларнинг акцияни давов эттиришига тўсқинлик қилди.

Пикетни ёритиш баҳонасида “Озодлик” мухбири элчихонанинг кўчага чиққан ходими билан дипломатик ваколатхонанинг мамлакатда ўтказиладиган президент сайловига тайёргарлиги борасида икки оғиз гаплашишга муваффақ бўлди. Шу вақтгача элчихона бу борада сукут сақлаб келаётган эди.

“Сайлов участкалари фақат Ўзбекистон элчихонасида ташкил этилади ва биз ваколатхонамизда рўйхатдан ўтган фуқароларимизнигина сайловга таклиф этишни кўзлаяпмиз”,- деди элчихонанинг ўзини таништирмаган ходими.

Қисқа давом этган пикетдан сўнг унинг иштирокчилари уй-уйига тарқаб кетди. Элчихона эса ўз фуқароларининг ҳар қандай норозилик акцияларига бефарқ экани кузатилди.
XS
SM
MD
LG