Линклар

logo-print

Прокурор ЕХҲТ вакилини туҳмат қилишда айблади

  • Гулнора Равшан

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Тожикистон ҳукумати Халқаро қизил хоч қўмитаси вакилларига мамлакат қамоқхоналарини исталган вақтда инспекция қилишга рухсат бермаётганидан ташвиш билдирди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро кунига бағишлаб Душанбеда ўтказилган анжуманда Тожикистон қамоқхоналаридаги вазият ҳақида сўз борди.

ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Тожикистондаги вакили Пайём Форуғийнинг таъкидлашича, мамлакат қамоқхоналаридаги шароит халқаро стандартларга жавоб бермайди. Собиқ маҳбуслар у ерда вазият оғир экани, қийноқлар қўлланилаётгани, озиқ-овқат масаласида муаммолар борлигини айтиб бермоқда.

“Тожикистон Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда қамоқхоналардаги маҳбусларнинг тахминан 960 нафари сил касалига, 87 таси эса ОИТВга чалингани қайд этилган. Бу касалликлардан ўлганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бу маълумотнинг ўзиёқ қамоқхоналардаги вазият қай даражада эканини кўрсатади”,- деди ЕХҲТ вакили.

Унинг билдиришича, Тожикистонда мавжуд 11 қамоқхона ва 7 та вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилган 10 мингдан ортиқ кишининг ҳуқуқлари қандай таъминланганини аниқлаш, уларга ёрдам кўрсатиш имкони йўқ. Чунки Тожикистон қонунчилиги хорижий экспертлар ва ҳатто адвокатларнинг қамоқхоналарга киришига йўл бермайди.

“Тожикистон ҳукумати Халқаро қизил хоч қўмитасининг Тожикистондаги вакиллари қамоқхоналарга эркин кириб-чиқиш таклифини ҳунузгача рад этиб келаётгани жуда ташвишлидир. Хорижий экспертларга белгиланган бундай чекланишлар қамоқхоналардаги вазиятни янада оғирлаштиради. Ҳатто амнистия тўғрисидаги қонун ижросига коррупция аралашгани тўғрисида маълумотлар бор”,- деди Пайём Форуғий.

Аммо Тожикистон Бош прокуратураси вакили Саидаҳмад Жамолов Халқаро қизил хоч қўмитаси вакилларининг қамоқхоналарни инспекция қилиш таклифига рад жавоби берилганига асос борлигини билдирди.

“Ташкилот вакилларининг исталган вақтда қамоқхонага кириб, жиноятчи билан суҳбатлашиши, ундан керакли маълумотларни йиғиши оммавий тартибсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Бу ташкилотнинг ғараз ниятда эканидан хабардормиз. Агар бу ташкилот бирор нуфузга эга бўлса, Гуантанамо қамоқхонасига кириб текшириш ҳуқуқини олишга уриниб кўрсин”,- деди прокуратура вакили.

С.Жамолов ЕХҲТ вакилининг айрим маҳбуслар пора эвазига амнистия қилинаётгани ҳақидаги даъвоси Тожикистон ҳукуматига очиқдан-очиқ туҳмат экани, шунинг учун у мамлакат қонунлари доирасида жавобгарликка тортилиши зарурлигини таъкидлади.

Таҳлилчилар эса адвокатлар судланувчи ва судья ўртасида даллоллик вазифасини ўтаётганини айтар экан, оқловчиларнинг ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашиши чеклангани ҳибсдагиларнинг ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилишга имкон бермаслигини билдирмоқда.

“Тожикистон қамоқхоналаридаги вазият Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, хусусан, Ўзбекистондагидан анча яхшироқ. Ҳар ҳолда Тожикистон қамоқхоналарида маҳбуслар Ўзбекистондаги каби қийноқлар оқибатида ўлаётгани қайд этилмаган”,- дейди таҳлилчи Абдураҳмон Ватанов.
XS
SM
MD
LG