Линклар

Косово масаласида келишувга эрилишмади

  • Ҳасанжон

Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россия вакилларидан иборат халқаро воситачилар тўрт ойлик музокаралардан сўнг Сербиянинг Косова ўлкаси мақоми хусусида келишувга эришилмаганини эълон қилди.

“Учлик”нинг БМТ бош котиби Пан Ги Мунга тақдим этган ҳисоботида музокаралардан кейин Сербия ва Косово вакиллари келишувга эриша олмагани ва сўзлашувлар боши берк кўчага кириб қолгани билдирилган.

“Учлик” ҳисоботида Сербия Косовога кенг мухторият бериш эвазига ўлкани ўз таркибида олиб қолишни истаётгани, Косово албанлари эса мустақиллик эълон қилишни хоҳлаётгани қайд этилган.

“Албатта, ҳеч ким Косово келажаги борасида ўтказилган 120 кунлик сўзлашувлар тўлиқ муваффақият билан якунланди, деб иддао қила олмайди. Чунки музокаралар биз умид қилган натижа билан тугамади. Шунга қарамай, биз буни ижобий баҳолаб, музокараларда жиддий натижаларга эришилди, дейишимиз мумкин”,– деди Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин.

Москва расмийлари Косово ва Сербия раҳбарлари ўртасидаги музокараларни 10 декабрдан кейин ҳам давом эттиришга чақирмоқда.

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс эса Вашингтон расмийлари музокараларни давом эттириш тарафдори эмаслигига аниқ ишора қилар экан: “Ҳақиқий вазиятни инобатга олмаслик Болқонда барқарор вазият юзага келтирмайди”, – деди.

ЕИнинг бир қанча давлатлари ва АҚШ Косово мустақиллигини қўллаб-қувватламоқда. Бироқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Косово бутун дунёга намуна бўлиши мумкинлигидан, дунёда айирмачилик паради бошланиб кетишидан огоҳлантирди.

НАТО эса Косовада қайта тўқнашувлар бошланишига йўл қўймаслик учун у ердан 16 минг аскардан иборат кучларини олиб чиқмасликка ваъда берди.

“Минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда НАТОнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Биз зўравонликка қўл уришга уринганларга қарши кескин ҳаракат қиламиз. Косово мақоми борасидаги жараён қандай якунланишидан қатъи назар, Косово косоволик албанлар, серблар ва бошқалар ўзаро тинч ва тотув, қўрқувсиз бирга осуда ҳаёт кечирадиган жой бўлиб қолади”, – НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер.

Расман Сербия ҳудуди ҳисобланган Косово ўлкаси бошқаруви саккиз йилдан бери БМТ қўлидадир.

19 декабрь куни БМТ Хавфсизлик кенгашида Косово ҳақидаги ҳисоботнинг муҳокамага қўйилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG