Линклар

Судга Нурали Алиев ҳам таклиф этилди


Қозоғистон президентининг собиқ куёви Роҳат Алиев ва унинг шериклари устидан давом этаётган суд жараёнининг навбатдаги мажлисига Р.Алиевнинг ўғли Нурали ҳам гувоҳ сифатида таклиф этилади.

Маълум бўлишича, Нурали Алиев “Нурбанк”нинг собиқ раҳбарлари бедарак йўқолган куни банк биносида бўлган ва қўшни хонада қийноққа солинаётган одамларнинг бақир-чақирларини эшитган.

“Шу боис, президентнинг набираси ва бу ишга алоқадор бўлган бир қанча юқори лавозимли амалдорлар ҳам суд олдида кўрсатма беришга таклиф этилди. Бундай амалдорлар орасида молия полицияси собиқ раҳбари генерал Курбатов ҳам бор. Улар ким бўлишидан ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, суд олдида жавоб беради”,- деди “Нурбанк”нинг собиқ раиси Абилмажин Гилимов.

Р.Алиев ва унинг шериклари “Нурбанк”нинг икки собиқ раҳбарини ўғирлаш, уларни қийноққа солиш, қотиллик ва йирик иқтисодий жиноятларда айбланмоқда.

Р.Алиев айни пайтда Австрия пойтахти Венада яшаётгани боис, унинг устидан суд сиртдан ўтказиляпти.

Прокуратура вакили Владимир Кириленконинг айтишича, Р.Алиев ва шериклари устидан бораётган суд жараёни банкнинг икки ходимининг ғойиб бўлиш сабабларига ойдинлик киритиши керак.

Ўтган сешанба кунги суд мажлисини Вена суди вакиллари ҳам кузатди.

Суд жараёнига аксарият оммавий ахборот воситалари вакиллари қўйилмаётир. Суд раиси бунинг сабабини жараёнда ўта нозик баёнотлар ҳам қилинаётгани, уларни жамоатчиликка ошкор этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги, бу суд ишига халақит бериши билан изоҳлаяпти.

Ўтган пайшанба куни адвокатлар журналистларнинг суд жараёнини бўрттириб ёритиши холисликка тўсиқ бўлиши даъвоси билан судга матбуот ходимларини умуман қўймаслик таклифи билан чиқди. Бироқ суд раиси бу сўровни қондирмади.
XS
SM
MD
LG