Линклар

logo-print

Владимир Путиннинг вориси аниқ бўлди

  • Замира Шукур

Россия президенти Владимир Путин мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосари Дмитрий Медведев номзодини ўзининг Кремлдаги бўлажак вориси сифатида қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Россиядаги тўрт етакчи партия раҳбарлари Д.Медведев номзодини бўлажак президент сайловига кўрсатишга қарор қилиб, оқ фотиҳа олиш учун 10 декабрь куни Кремлга келгани яхшилаб саҳналаштирилган томошани ёдга солди.

В.Путиннинг Д.Медведевни ўзига ворис қилиб танлагани аслида у қадар кутилмаган қарор эмас. У бош вазирнинг икки биринчи ўринбосаридан бири – ўспириннамо Д.Медведов ёки олимона жиддиятга тўла Сергей Ивановни ўзига ворис қилиб танлаши ҳақида анча вақтдан бери кўп ва хўп гапириб келинди.

Тўрт етакчи партиянинг қарорини эшитгандан сўнг В.Путин Д.Медведевни 17 йилдан бери билиши, шу давр мобайнида у билан бирга ишлаганини эслатиб, бу номзодни тўлиқ қўллашини билдирди.

Бу томошанинг кутилмаган жиҳати шуки, кузатувчилар фикрича, номзоднинг номи эълон қилиниш вақтидир.

Д.Медведевнинг ворис этиб танлангани Давлат думасидаги конституцивий кўпчиликка айланган “Ягона Россия” партияси қурултойидан бир ҳафта олдин эълон қилинди.

Вориснинг ҳукмрон партиянинг 17 декабрь куни бўладиган қурултойида эмас, 10 декабрда эълон қилиниши кузатувчиларда турли саволлар туғдирмоқда.

“Душанба кунги баëнот В.Путин ўзига сиëсий жиҳатдан таҳдид сола олмайдиган ва мутлақ садоқатли бўлганлар орасидан энг мақбулини танлаганини очиқ кўрсатди,- дейди “Озодлик” шарҳловчиси Роберт Коалсон. – Д.Медведевнинг бор-йўқ кучи В.Путин таянчига асосланган. Путинга ворис бўлиши кутилган номзодлар орасида Медведев энг жозибасиз ва энг иддаосиз ҳисобланади. Менимча, унинг ворисликка танланишига айнан шу жиҳатлар сабаб бўлган, яъни у Путин юлдузига соя сола олмайди. Медведев нисбатан ëш бўлса-да, Россия ҳукумати ичидаги энг қиëфасиз шахсдир”.

Кремлдагиларнинг аксарияти каби Д.Медведевнинг илдизлари ҳам Санкт-Петербургдан. 1965 йилда туғилган Д.Медведев 1987 йилда Санкт-Петербург университетининг ҳуқуқшунослик факультетини битирган. 80-йиллар бошида Санкт-Петербург шаҳри ҳокимлигида, В.Путин раҳбарлик қилган ташқи алоқалар қўмитасида ишлаган.

2000 йилда В.Путиннинг сайлов кампаниясига раҳбарлик қилган Д.Медведев у президентликка келгач, Кремль маъмурияти бошлиғи ўринбосари этиб тайинланган эди. Кейинроқ Кремль маъмурияти бошлиғи, ниҳоят бош вазирнинг биринчи ўринбосари бўлди.

Ўз чиқишларида Россиянинг кучайиб бораëтган ҳарбий ва дипломатик қудратига урғу бериб келган собиқ кгбчи Сергей Ивановдан фарқли ўлароқ, Д.Медведев жамоатчилик орасида силлиқ ва юмшоқ давлат арбоби имижига эга.

Июнь ойида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Иқтисодий форум чоғида “Озодлик” мухбири билан гаплашган Д.Медведев ҳокимиятнинг асосий вазифаси ҳам ўзгаришлар чоғида силлиқликни таъминлаш эканини таъкидлаган эди.

“Ҳар қандай ҳукуматнинг асосий вазифаси ҳокимият алмашувининг мамлакат аҳолиси ва иқтисоди учун имкон қадар силлиқ ва оғриқсиз кечишини таъминлашдир. Ҳукуматнинг энг асосий миссияси, балки энг анъанавий ва демократик маънодаги ворисликни таъминлаш бўлса, ажаб эмас”,- деган эди Д.Медведев.

10 декабрь куни аëн бўлишича, 2008 йилнинг 2 мартидан сўнг Россияда ҳукм суриб келган сиëсий ва иқтисодий курсни давом эттириш ва ворисликни таъминлаш миссияси айнан Д.Медведевнинг ўзига топшириладиган бўлди.

Эндиликда очиқ қолаëтган асосий савол эса бу курсни бошлаб берган муаллиф ва устоз В.Путиннинг сайловдан кейин қайси мақомда Россия сиëсий саҳнасида қолишидир. Афтидан кутилмаган юришлар устаси бўлмиш В.Путин бу саволга ҳам энг кутилмаган пайтда жавоб берадиган кўринади.
XS
SM
MD
LG