Линклар

logo-print

Ўзи кетар ёр-ёр, ўзи келар ёр-ёр

  • Замира Шукур

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:sscS6vHg18aHCM:http://news.ferghana.ru/photos/2007_09/karimov.jpg Ўзбекистон конституцияси қабул қилинганининг 15 йиллиги тантанасида маъруза қилган Ислом Каримов АҚШ билан муносабатларга ҳам тўхталиб, ўзаро ҳамкорлик тикланишига умид туғдирадиган баёнотлар берди.

Маърузанинг асосий қисми мамлакатда кутилаётган президент сайлови, амалга оширилган ва оширилажак ишлар тўғрисида бўлди. Унинг АҚШ билан муносабатлар тўғрисида айтганлари эса кўпчилик учун жуда кутилмаган бўлди.

Президент Ўзбекистон узоқ ва яқиндаги қўшнилари, жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тарафдори бўлиб келгани, бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаслигини билдирди.

Россиянинг “Время новостей” нашри бу ҳақда “Каримов Ғарбга илиқлашув ваъда этмоқда”, деб ëзди. “Рейтер” агентлиги эса ўз хабарига “Каримов Ғарбга муроса таклиф этди”, дея сарлавҳа қўйган бўлса, “Франс пресс” “Каримов конституция кунидаги чиқишидан Ғарб билан алоқаларни тузатиш учун фойдалангани”ни билдирди.

И.Каримов маърузасининг бу қисмидан ҳақиқатан ҳам муроса ҳиди уфуриб тургани, сайлов олдидан Тошкент раҳбарининг Ғарб, хусусан, АҚШ билан муносабатлардаги кескинликни юмшатиш истагида экани кундек равшан.

Аммо И.Каримовнинг АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги совуқликни ўта юмшатиб “тушунмовчилик”, деб аташи, ëхуд бу совуқликни гўë реалликда йўқдек қилиб кўрсатишга уриниши тушуниксиз. Бу совуқликни И.Каримов ëки Ўзбекистон ҳукумати истамагану, уни қандайдир учинчи кучлар уюштиргандек қилиб талқин этиш эса бундан-да тушуниксиз. Афтидан, президент 2005 йилнинг 13 майидаги Андижондаги қонли воқеалардан сўнг шахсан ўзи Ғарб, биринчи галда АҚШ шаънига билдирган баëнотларини унутган кўринади.

2005 йил 14 ноябрда Россия билан иттифоқчилик шартномасини имзолаш учун Москвага учиб кетиш арафасида журналистлар билан учрашувида И.Каримов Андижон воқеаларида АҚШни айблашини яшириб ҳам ўтирмаган, Россиянинг Ўзбекистонни Америка бедодлигидан асровчи ягона паноҳ эканини қайта-қайта таъкидлаган эди.

Бугун, орадан икки йил вақт ўтиб, айнан Ислом Каримов энди қандайдир кучларни Ўзбекистон ва АҚШ, қолаверса, Европа ўртасига қутқу солаëтганликда айблади.

Америкадаги кузатувчи Абдуманноб Пўлатов И.Каримовнинг бундай баëнотида фавқулоддалик йўқлиги, зотан Тошкент ва Ғарб ўзаро муносабатларни илиқлаштириш уринишларини 2007 йил давомида оғишмай давом эттирганини айтади.

“Шу ниятда тугаëтган йил давомида иккала томон ҳам бир-бири шаънига қилинган танқидлар оҳангини пасайтириб, муроса йўлини қидирди”,- дейди А.Пўлатов.



Лондондаги Осиë тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов ҳам кейинги пайтларда И.Каримов ва атрофидагилар Ғарб билан муносабатларда бошланган кескин совуқлашувдан Ўзбекистон иқтисодий ва сиëсий манфаатларига жиддий зиëн етганини англай бошлагани, шу боис, АҚШ билан ўртадаги ëқиб юборилган кўприкларни қайта қуриш ҳаракатига тушилганини таъкидлади.

“Кейинги пайтда Ўзбекистон сиëсий элитаси орасида Ғарб билан муносабатларни қайта тиклаш ҳаракати бошланди. Аммо бу қадамлар мутлақ изчил эмас, улар амалий шаклга ҳам кўчаëтгани йўқ, фақат баëнот ва ишоратлар даражасида қолмоқда. Ҳозирча Ғарб билан муносабатларни яхшилаш учун жиддий ҳозирлик бошлангани, Ўзбекистон ҳукуматининг Ғарб босимига сал бўлса-да, ëн бераëтганини кўраëтганимиз йўқ”,- деди Алишер Илҳомов.

Россиялик таҳлилчи Санобар Шерматова И.Каримовнинг баёноти сайлов олдидан АҚШ ва ЕИга берилган ишорат эканига урғу берди.

“Менимча, бу баёнот АҚШ ва ЕИга келажакда Ўзбекистон ташқи сиëсатида ўзгариш бўлиши мумкинлиги ҳақида берилган муждадир. Бу очиқдан-очиқ И.Каримовнинг сайловолди юришларидан бири ва у Ғарбга 23 декабрдан кейин яна президентликда қолгач, улар билан муносабатларга камида ҳеч қандай узилиш бўлмаслигини билдириб, тинчлантирувчи сигнал йўлламоқда. Бунинг учун эса АҚШ ва ЕИ 23 декабрь кунги сайловни имкон қадар камроқ танқид қилиши керак бўлади”,- деди Санобар Шерматова.

И.Каримов яна бир муддатга президентликка қолгандан сўнг Ғарб билан ўзаро муносабатлар қайта тикланиш-тикланмаслиги, тикланганда ҳам қай даражагача тикланиши эса, кузатувчилар фикрича, томонларнинг бир-бири қўяëтган шартларни қанчалик қабул қилишига боғлиқ.
XS
SM
MD
LG