Линклар

logo-print

Номаълум шахслар ёшларни намойишга даъват этмоқда


Қозоғистонда номаълум кишилар ёшлар ўртасида Мустақиллик куни нишонланадиган 16 декабрда мамлакатнинг йирик шаҳарларида норозилик намойишлари ўтказишга қаратилган тарғибот юритмоқда.

Бу шахслар олий ўқув юртларига келиб, 16 декабрь куни ҳукумат юритаётган сиёсатга қарши норозилик акциялари ўтказилиши, унда ёшлар ҳам фаол иштирок этиши кераклигини уқтираётир

Шу боис, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ёшларнинг бундай акцияларда қатнашиши олдини олишга қаратилган ҳаракатларни бошлаб юборган.

“Университетимизга ҳар куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари келиб, тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Президент юритаётган сиёсат нечоғлик тўғри экани ҳақида гапиришяпти. Кейин 16 декабрь куни норозилик акцияларига чиқмаслигимиз кераклигини ҳам таъкидлашяпти”,- деди Жанубий Қозоғистондаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олаётган талаба.

Унинг айтишича, олий ўқув юртлари раҳбарлари ҳам қайси талаба норозилик намойишига чиқса, ўқишдан ҳайдалиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонлик қочқин журналист Улуғбек Ҳайдаров ҳам университетлар раҳбарлари талабалардан намойишларга чиқмаслик ҳақида тилхат ёздириб олаётганини тасдиқлади.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ёшларни намойишга даъват этаётганлар кимлар ва қайси сиёсий кучлар эканига ҳозирча ойдинлик киритаётгани йўқ. Улар журналистларнинг бу ҳақдаги саволларини жавобсиз қолдирмоқда.

Бундан роппа-роса 20 йил аввал, 1986 йилнинг 17 декабрида Олмаота шаҳрида мамлакат ёшларининг Москва юритаётган сиёсатга қарши норозилик намойиши бўлиб ўтган эди. Бу воқеа мамлакат тарихига “Желтоқсан воқеалари” номи билан кирган. Мазкур намойиш вақтида кўплаб ёшларнинг қони тўкилган эди.
XS
SM
MD
LG