Линклар

Россия телеканалларининг Қозоғистонга экспансиясидан хавотир бор


Қозоғистонлик кузатувчилар Россия телеканалларининг Қозоғистонга экспансияси мамлакат миллий хавфсизлиги, шу жумладан, ахборот хавфсизлигига таҳдид эканини билдирмоқда.

Жорий йил бошида Россиянинг “СТС-Медиа” холдинги Қозоғистондаги 31-телеканалнинг 20 фоиз акциясини, шу билан бирга, мазкур телеканалга тегишли реклама агентлигининг 98 фоиз акциясини сотиб олишини эълон қилган эди.

Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукинанинг айтишича, бу россияликларга 31-телеканал рекламасини тўлиғича назорат қилиш ҳуқуқини беради. Реклама эса даромад манбаи, шу боис ҳам телеканалдаги дастурларнинг мазмуни ва кетиш-кетмаслиги айнан реклама бошқарувчилари, яъни россиялик сармоядорлар қўлида бўлади.

Р.Таукина айни пайтда қозоғистонликларнинг қарийб 70 фоизи Россия телеканалларини томоша қилаётгани, бу эса ахборот хавфсизлигига жиддий салбий таъсир этишини таъкидлади.

“СТСнинг 31-телеканал акцияларини сотиб олиши фақат бизнеснинг қайта тақсимланишига эмас, балки миллий хавфсизликка ҳам таъсир этади”,- деди Р.Таукина.

Қозоғистонлик кузатувчилар СТС каби кўнгилочар телеканалнинг маҳаллий телебозорга кириб келиши мамлакатда таҳлилий-сиёсий мазмундаги дастурлар камайишига сабаб бўлиши, бу эса жамоатчиликнинг сиёсий онги кўтарилишига салбий таъсир этишини таъкидлаётир.

Бироқ россиялик эксперт Юрий Дорохов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Россия телеканалларининг Қозоғистон телебозорига кириб келишида ҳеч қандай хавф кўрмаётганини билдирди. Аксинча, унинг фикрича, бу маҳаллий телебозорга сифатли маҳсулот кириб келишига хизат қилади.

Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳам маҳаллий телеканалларда қозоқ тилидаги дастурларга нисбатан хорижий тиллардаги кўрсатувлар кўплиги ОАВ тўғрисидаги қонунга зид эканини билдириб, жиддий лойиҳаларнинг амалга оширилиши қозоқ тилидаги кўрсатувлар кўпайишига олиб келишига умид қилмоқда.

“СТС-Медиа” холдинги Ўзбекистон телебозорига ҳам кириб бормоқда. Жорий йил бошида СТС Ўзбекистондаги мустақил “Терра груп” медиахолдинги билан ҳамкорликда мамлакатда янги телекомпания ташкил этишини билдирди. Бу телекомпанияда россиялик сармоядорларнинг улуши 51 фоизни ташкил этади. Телеканал 2008 йилдан бошлаб эфирга чиқа бошлайди.
XS
SM
MD
LG