Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:01

В.Пономарёв: “Қидирувдагиларни овлаш бизнесга айлантирилган”


Россиялик журналист Виталий Пономарёв Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Ўзбекистонлик қочқинлар МДҲ мамлакатларида: экстрадиция таҳдиди” номли китобининг тақдимотини ўтказди.

“Озодлик” мухбири журналист билан учрашиб, МДҲдаги ўзбек қочқинлари вазияти юзасидан суҳбатлашди.

У сўнгги икки йил давомида, яъни Андижон воқеаларидан сўнг ўзбекистонликларнинг ўз юртида махсус хизматлар томонидан турли сабаблар, аксар ҳолларда диний мотивлар билан таъқиб қилиниши кучайгани ва ўзбек қочқинларининг бошпана сўраб, БМТнинг қочқинлар идорасига мурожаат қилиш ҳоллари ортиб бораётганини таъкидлади.

Журналистнинг билдиришича, ўзбек қочқинлари Украина, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан бошпана изламоқда ва санаб ўтилган мамлакатлар орасида улар учун энг хавфсизи ҳозирча Украина бўлиб қолаётир.

“Иккинчи ўринга Қозоғистонни қўйган бўлардим. Гарчи ўзбек қочқинлари хавфсизлиги борасида Чимкент ва Олмаотадаги вазият бир-биридан фарқ қилса-да, менимча, ўзбек қочқинлари учун МДҲда Қозоғистон Россияга нисбатан анча хавфсиз”,- деди В.Пономарёв.

Шундай бўлса-да, сўнгги ойларда Қозоғистонда бир неча ўзбек қочқини бедарак ғойиб бўлгани бу мамлакат ҳам қочқинлар учун хавфли бўлиб бораётганидан далолат бермасмикин, бу ҳолат Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайлови билан боғлиқ эмасмикин?

“Йўқ, бу шунчаки тасодиф. Ноябрь ойида МДҲ ҳуқуқ-тартибот идоралари халқаро қидирувда бўлган кишиларни қидириш бўйича ҳамкорликда тадбир ўтказди. Бунда фақатгина Ўзбекистон эмас, балки бошқа давлатлар фуқаролари ҳам қидирилди. Аммо Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкасблари билан ўтказилган тадбирдан фойдаланди, яъни ўзига керак бўлган одамлар, жумладан, ўзбек қочқинларини ҳам халқаро қидирувда бўлганлар рўйхатига киритиб, бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларининг ёрдамига таянди”,- дейди В.Пономарёв.

Унинг айтишича, ўзбек махсус хизматларининг қўшни мамлакатлардаги ҳамкасблари билан яқиндан ҳамкорлик қилиши сир эмас ва бу ҳамкорлик қочқинлар ва халқаро қидирувда бўлганларни овлашга қаратилган бизнесга айлантириб юборилган.

В.Пономарёв бу гапига мисол тариқасида Қирғизистонда юз берган бир воқеага тўхталди.

“Қирғизистон жанубидан бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бири Ўшдаги милиция бўлимига таклиф этилган. Бу ердаги раҳбарлардан бири унинг синфдоши бўлган. Инсон ҳуқуқлар ҳимоячиси ортидан хона кириб келган бир неча киши ўзини Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари сифатида таништирган ва столга 30га яқин кишининг суратини қўйиб, улар экстремистлар экани, милицияга келтирилган ҳар бири учун 200-300 доллар атрофида пул тўланишини айтган. Ҳуқуқ ҳимоячиси суратлардан бири қўшнисиники эканини кўриб қолган. Қўшниси ўзини зўрға боқаётгани, бунинг устига, Ўзбекистон фуқароси эмаслигини билдирган. Шунда синфдоши бўлмиш раҳбар агар қўшниси ҳеч бўлмаса, 100 доллар олиб келса, у экстремистлар рўйхатидан чиқариб ташланишини таъкидлаган”,- дея ҳикоя қилди В.Пономарёв.

У Қозоғистон ҳудудида ўзбек қочқинларининг ғойиб бўлишида ҳам ўзбек махсус хизматларининг қўли борлиги ва Қозоғистон махсус хизматлари ходимлари бундай ишга ёрдам бергани учун рағбатлантирилаётганини қўшимча қилди.

Аммо Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Кенжабўлат Бекназаров россиялик журналистнинг бу иддаосини буткул инкор этди ва ҳеч бир киши сабабсиз ва ноқоуний қўлга олинмаганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG